Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округи ҳудудида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари раис, раис ўринбосарлари ва котибларининг билим ҳамда кўникмасини оширадиган ҳудудий тренерлар учун ўқув-семинар машғулотлари ўтказилди.
Дарс жараёнларида республика тренерлари сайловларнинг халқаро мезон талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларини тузиш тартиб-таомиллари, сайловда овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан ишлаш каби мавзулардаги қизиқарли маърузалари билан иштирок этди. Шунингдек, икки кунлик ўқув дастурига асосан, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов участкасида амалий машғулот ва тажрибани ўрганиш сингари мавзулар ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Сайлов ўтказувчи участка комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш ва натижаларни белгилаш, сайлов ўтказувчи участка комиссиясининг бошқа иштирокчилари, жумладан, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кузатувчилар, жамоат тартибини сақлашга масъул вакиллар билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари юзасидан билим ва кўникмалари мустаҳкамланди.
– Мамлакатимиз бўйлаб сиёсий жараёнга тайёргарлик кетяпти, – дейди Қоракўл туманидаги 18-мактаб директори Сурайё Шермуҳаммедова. – Биз Бухоро давлат университетида ўтган тренингларда иштирок этдик. Олган билим ва кўникмаларимиздан келиб чиқиб айтсам, сайлов аъло даражада ўтади. Биз муҳим жараёнда бевосита иштирок этишга тайёрмиз. Жойларда бориб, участка сайлов комиссиялари аъзоларини ҳам ўқитамиз, албатта. Жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда бўладиган муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини юксак савияда ўтказиш учун вилоятда ташкилий ишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА