Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда якунланган ҳафтада юртимиз ташқи сиёсатида юз берган муҳим тадбирлар – Сербия ва Финляндия Республикалари Президентларининг расмий ташрифи ҳамда Самарқандда ўтказилган ЮНEСКО Бош конференцияси аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ушбу халқаро аҳамиятга молик тадбирлар дунё ҳамжамиятининг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларга бўлган юксак ишончи намунасидир.

Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Сербия ўртасида стратегик даражада ҳамкорлик ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу ҳамкорлик мамлакатимизнинг Европа давлатлари билан алоқаларини ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани қайд этилди.

Шунингдек, фракция аъзолари Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳон учун муҳим тарихий воқеа эканига урғу берди. Таъкидланганидек, Самарқанд — асрлар давомида илм-фан, маданият ва бағрикенглик рамзи бўлиб келган. Мазкур шаҳарда бундай нуфузли анжуманнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди. Қолаверса, мамлакатимизда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва ислоҳотларга бўлган халқаро ишончнинг ёрқин тасдиғи.

Сессияда Президентимиз томонидан илгари сурилган устувор ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти равнақида катта аҳамият касб этади. Бу ташаббуслар нафақат илмий-технологик тараққиётимизга, балки жамиятдаги тенглик ва барқарорликни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА