Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳим мавзу: бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қабулига 11 ёшли бола мурожаат қилди (+видео)
19:31 / 2023-06-23

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида музейлар ва уларда сақланаётган ашёлар ҳолати бўйича муҳокама ўтказилди. Ушбу мажлисда соҳага оид жуда кўп муаммолар кўтарилган, шулардан муҳимларига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Жумладан, тегишли қарорлар билан белгиланган бўлса-да айрим музейларда ҳамон таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани танқид қилинди.

Давлат адабиёт музейидаги ноёб ашёлар хавф остида қолгани айтилди. Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига 2021 йилдан буён Тошкент шаҳрининг Адиблар хиёбони — “Маънавият” шаҳарчасида янги бино қурилиши таъкидлаб келинмоқда. Аммо ҳалигача мазкур масала ўз ечимини топмаган. Музейни таъмирлашни назарда тутувчи президент ҳамда ҳукумат қарорлари ижроси таъминланмаган. Музей биносида шароит йўқлиги сабабли унда сақланаётган 69 мимг 575 та ноёб ашё хавф остида қолмоқда. “Бу ерда қатор комплекс муаммолар кўтарилмоқда. Уларни самарали ҳал этмай туриб ушбу йўналишда кутилган натижаларга эришиш қийин. Шу боис парламент сўровидаги масалалар Сенатнинг қатъий назоратида қолади”, — дея таъкидлаган Танзила Норбоева.

Шунингдек, Сенат ялпи мажлисида Сенат назоратига олинган масалалар ечимига эътибор қаратилди. Гап шундаки, қиймати 60 миллиард сўмни ташкил этадиган Зангиота туманининг Назарбек қишлоғидаги автомобиль йўлининг учинчи километридаги темир йўл остидан тунел қурилиши учун 2021-2022 йилларда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган маблағ ажратилган бўлсада, қурилиш ўз вақтида якунланмаган. Аҳоли мурожаатидан келиб чиқиб сенатор Қутбиддин Бурҳонов ушбу масалани Сенатнинг 37-ялпи мажлисида муҳокамага қўйган эди. Масала сенат томонидан назоратга олинганидан кейин ишлар фаоллашган. Ўтган ойда мазкур объект очилиб ишга тушди, халққа жуда катта муаммо туғдирган ушбу масала ижобий ҳал қилинди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JAHt4MZMKBw" title="Муҳим мавзу: бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қабулига 11 ёшли бола мурожаат қилди" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг шахсий қабулига 11 ёшли бола мурожаат билан келган. Бувиси билан бирга келган болакай отаси вафот этганини, онаси, опаси, акаси ва синглиси билан яшашини, лекин уйдаги муаммоли вазият туфайли бувисиникига қочиб келганини маълум қилган. У бувиси билан яшашни хоҳлашини, шунга ёрдам беришини сўраган. Масала жойига чиқиб ўрганилган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова, Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори вакили ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоли боланинг онасининг хонадонида бўлганда, у ўзини одобсизларча тутган, хонадон эшигини очмасдан, барчани ҳақоратлаган, кетишларини талаб қилган. Ҳолат юзасидан тезкорлик билан ҳамкор ташкилотлар, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари билан бирга иш олиб борилган. Шу куни боланинг онаси спиртли ичимликлар таъсирида бўлгани ва бу ҳолат сурункали равишда давом этиб келаётгани, уйининг санитария ҳолати қониқарли эмаслиги ва унинг қарамоғида бўлган болалар ғамхурликсиз қолгани аниқланган. Бугунги кунда бу нотинч оиланинг болаларига ҳуқуқий, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда.

Май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этган Туркиянинг асосий мухолифат Республика-халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли ўзига қарши очилган 28 даъво аризаси бўйича тергов доирасида ҳибсга олиниши мумкин. Умуман, ушбу сиёсатчига Президент Режеп Таййип Эрдоғанни ҳақорат қилишда айбланиб, 110 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин, деб хабар тарқатди “Республика” телеканали. Қиличдорўғли президентликка даъво қилгани учун парламент сайловида қатнаша олмади. Яъни у дахлсизлик мақомига эга эмас.  Бу вазиятдан фойдаланган ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вакиллари сайловлардан сўнг дарҳол республикачилар етакчисига нисбатан парламентга келиб тушган таҳдид, туҳмат, адоват ва миллий низо қўзғатиш, террор ташкилоти ташвиқотини олиб бориш сингари сўровларни бирлаштириб, шу асосда Эрдоғанни ҳақоратлаш айби билан жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан чиқди. Таҳлилчилар таъкидича, бош мухолифатчининг жиноий жавобгарликка тортилиши эҳтимоли жуда кам. Зеро, бу мамлакатда беқарор вазият юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.

Сиз куннинг муҳим мавзулари билан танишдингиз. Бизни ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз орқали кузатиб боринг.

ЎзАнинг шу каби қисқа видеоларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг.  

Фаррух Худоёров, Кенжа Бекжанов, Искандар Исматов (видео), ЎзА