Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги OʻzLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги OʻzLiDeP фракцияси аъзолари, мутасадди ташкилот ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибида Элликқалъа туманида ўз биносига эга бўлмаган маҳаллаларда хусусий шерикчилик асосида бинолар билан таъминлаш чоралари бўйича амалга оширилган ишлар, “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида” ги Қорақалпоғистон Республикасининг қонуни ва тегишли ҳукумат қарорлари талабининг Бўзатов ва Шуманай туманларида бажарилиши бўйича ўрганиш натижалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг аъзолари, мева-сабзавот кластерлари иштирокчилари ва тадбиркорлик субъектларига маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) хўраки, кишмишбоп ва саноатбоп ток кўчатлари ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорининг бажарилиш масалалари ҳам тингланди.
Таъкидланганидек, Элликқалъа туманида 26 та маҳалла, 13 та овул ва 1 та шаҳарча фуқаролар йиғини мавжуд. Уларда турли миллат вакилларидан иборат аҳоли истиқомат қилади. Туманда 2023 йилгача 37 та маҳалла ва овул фуқаролар йиғини бўлган. Аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолиси зич жойлашган ҳудудларда янада қулайлик яратиш мақсадида тумандаги 3 та овул фуқаролар йиғини ҳудудини бўлиш, чегараларини ўзгартириш орқали “Амиробод” овули ҳудудида “Тўрт девор”, “Сарабий” овули ҳудудида “Барҳаёт”, “Қирққизобод” овули ҳудудида “Бургутқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини янгидан ташкил этилди.
Жорий йилда Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан давлат маблағлари ҳисобидан туманда “Пахтачи”, “Ихлос”, “Ифтихор” ва “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бинолар қуриб берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 13 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорига асосан давлат маблағлари ҳисобидан тумандаги ҳар бир маҳаллага ажратилган 500 миллион сўмдан 13 та фуқаролар йиғинига 16 та янги замонавий компьютер, ўз биносига эга бўлган 25 та фуқаролар йиғини биноларига қуёш панели ўрнатилиб, 25 таси ёнғинга қарши қалқонлар билан таъминланди.
Бундан ташқари, 7 та фуқаролар йиғини ҳудудига 73 та кузатув камераси ўрнатилди. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 4 та маҳалла фуқаролар йиғинига 4 та замонавий компьютер жамланмаси олиб берилди. Ҳозирги кунда янги маҳаллалар ташкил этилиши ҳисобига тумандаги 40 та маҳалладан 14 таси ўз биносига эга эмас.
Тадбирда кейинги уч йил давомида туман ҳокимлиги томонидан фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ижобий ишлар қилинмагани танқид қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори талабининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳисоботи тингланди. Унда қайд қилинганидек, шаҳар ва туман кесимида 289 та объектда жами 236,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 июлдаги қарорининг бажарилиши бўйича Қорақалпоғистон Республикасида барча турдаги хўжаликларда жами 6 минг 822 гектар мевали боғ ва 1 минг 597 гектар узумзор бор бўлиб, шу майдонлардан 68 минг тонна мева ва 12 минг тоннадан зиёд узум маҳсулоти етиштириб келинмоқда. Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига тегишли бўлган 3 минг 972 гектар боғнинг 1 минг 378 гектарини интенсив боғлар ташкил этади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича ҳам устувор вазифалар белгилаб берилган. 2023 йилда 100 минг гектар, 2024 йилда 120 минг гектар ер фойдаланишга киритилиши бўйича масалалар ҳам муҳокама қилинди. Бу бўйича Президентимиз раислигида жорий йилнинг 21 ноябрь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 5 декабрига қадар ҳар бир туманда экспортбоп полиз-сабзавот экинларини экишга бўладиган камида 100 гектардан ерларни топиб, аниқ чегараларини белгилаган ҳолда Қишлоқ хўжалиги бошқармасига таклиф этиш топшириғи берилган эди. Унинг бажарилиши бўйича Давлат кадастрлари палатаси томонидан жорий йилнинг 29 ноябрь кунига Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 508 контурда умумий майдони 1 минг 457,9 гектар, шундан 1 минг 304,8 гектар экин ер, 17,1 гектар кўп йиллик дарахтзор, 34,3 гектар бўз ер, 8,4 гектар пичанзор ва яйловлар, 90,6 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер аниқланди.
Тадбирда фракция аъзолари томонидан келгусидаги ишлар бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири