Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалида балиқчилик соҳасини ривожлантириш ва унинг истиқболли имкониятларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда филиал директори Зафар Ҳакимов ҳамда хитойлик инвесторлар иштирок этишди.
Учрашув давомида ҳудудда замонавий аквакултура технологияларини жорий этиш, балиқ етиштириш ҳажмини ошириш, илмий-амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва истиқболли қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар ҳамкорлик орқали нафақат балиқчилик тармоғини ривожлантириш, балки талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш муҳим эканини таъкидладилар.

Филиал Хитой Халқ Республикасининг стратегик ҳамкорлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини таъкидлаб, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда бир қатор устувор йўналишларни белгилади.
– Булар орасида замонавий аквакултура технологиялари асосида балиқчилик ва саноат миқёсида балиқ етиштиришни ривожлантириш, селекция, ем-хашак ишлаб чиқариш ва биохавфсизликнинг инновацион усуллари орқали паррандачилик тармоғини мустаҳкамлаш, шу билан бирга илғор боқиш тизимлари, ветеринария хизмати ва маҳсулотни қайта ишлаш имкониятларини кенгайтириш орқали чорвачиликни ривожлантириш каби вазифалар устувор саналади, – дейди ТКТИ Янгиер филиали халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Рустам Маҳмудов.

Шунингдек, филиал Тянжин қишлоқ хўжалиги университети билан ҳамкорликда “Шеннонг академияси”ни ташкил этиш лойиҳасини муваффақиятли амалга оширди. Ҳудудда барча лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, бу Янгиер минтақасида агросаноат салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
– Ишонамизки, филиалимизнинг илмий салоҳияти ва хитойлик ҳамкорларнинг ишлаб чиқариш-технологик имкониятларини бирлаштириш барқарор агросаноат ривожланишининг самарали моделларини яратишга хизмат қилади, – деди Рустам Маҳмудов. – Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири