Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида Хитойнинг “Hebei Ruihe Medical Device Co” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, юқори технологияли “Hebei Ruihe Medical Device Co” корхонаси соҳада етакчи бренд яратиш мақсадида тиббий асбоблар ишлаб чиқариш, рақамли моделлаштириш ва бошқа замонавий тиббиёт саноати йўналишларида фаолият юритади.
Шу билан бирга, инновацион тадқиқотлар ва ишланмаларга катта эътибор қаратиб, мутахассисларни жалб этиш ва соҳанинг турли йўналишлари бўйича илмий ҳамкорлик механизмларини ривожлантириш орқали интеграциялашган тиббий ечимлар яратмоқда.
Агентлик вакиллари компания билан Ўзбекистон фармацевтика саноати учун муҳим бўлган инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни маҳаллий бозорга киритиш бўйича муҳокама ўтказди, дейилади Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.
Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА