Ҳар бир соҳа ўзининг ривожланиш тарихи эга. Худди шу каби мамлакатимиз кон-геология тизими ютуқларида ҳам ўтган даврда амалга оширилган ишлар муҳим ҳисобланади.
Дейлик, бунда биринчи геологик хариталар ва фойдали қазилмаларнинг жойлашиш схемалари тузилиши, 10 дан ортиқ етук олимлар етишиб чиқиши, шунингдек, жаҳонда эталон ҳисобланувчи йирик Мурунтов олтин ва Қалмоқир мис кони топилиши соҳадаги кейинги ютуқларга муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари Шамсиддин АЛИМОВ мамлакатимизда геология соҳасининг шаклланиши, мустақиллик йилларида амалга оширилган ишлар ва Янги Ўзбекистон даврида геология йўналишининг янги босқичда ривожланиши юзасидан ЎзА мухбирига интервью берди.
–Ўзбекистон Республикаси ҳудудида геология соҳасининг шаклланиш тарихи 1860 йилларга тўғри келиб, шу даврдан эътиборан Ўрта Осиё геологиясини илмий асосда тизимли ўрганиш ишлари бошланган, – деди Ш.Алимов. – Ушбу илмий ишлар натижасида ўлканинг биринчи геологик хариталари ва фойдали қазилмаларнинг жойлашиш схемалари тузилган. 1950 йиллардан республика ҳудудида ёқилғи-энергетика ва стратегик хомашёларни излаш ва қидириб чамалашга мақсадли йўналтирилган ишлар олиб бориш мақсадида илк Ўзбек геологик бошқармаси фаолият бошлаган.
Бу даврда геология соҳасида 10 дан ортиқ етук олимлар етишиб, йўналишни ҳар томонлама ривожлантиришда амалий ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, геолог олим, давлат ва жамоат арбоби бўлган Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ҳабиб Абдуллаев ҳамда республикада петрология ва металлогения йўналиши асосчиси академик Иброҳим Ҳамробоев каби олимларни дунё таниган.
Ушбу йилларда жаҳонда эталон ҳисобланувчи йирик Мурунтов олтин ва Қалмоқир мис кони топилиб, улар негизида йирик кон-металлургия комбинатлари қувватларига асос солинди.
Мустақиллик йилларида ҳам геология соҳаси ривожланиш босқичи кирди. Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг 1991 йил 12 февралдаги тегишли фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ташкил қилинган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 1994 йилнинг 23 сентябрида “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
Ривожланиш тадрижида рўйхатга олинган конлар, қимматбаҳо ва рангли металлар алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, 2017 йилга келиб 1 минг 810 та кон рўйхатга олинган. Улардан қимматбаҳо металл 58 та, рангли металл 11 та, уран 21 та, қурилиш материаллари 913 та, ер ости сувлари 586 та, углеводородлар 142 та, кон маъдан хомашёси 57 та, кон-кимё хомашёси 14 та, кўмир-ёнувчи сланецлар ва қора металлар 4 тадан ташкил этди.
Янги Ўзбекистон даврида эса геология соҳаси янги босқичда ривожланаётганини таъкидлаш жоиз. Бунда асосан минерал-хомашё негизини кўпайтиришга асосий эътибор қаратилмоқда. Шу вақтга қадар бу масалага аҳамият қаратилмаган эди. 2017 йилдан бошлаб геология соҳасини республиканинг базавий иқтисодиёт тармоқлари билан чамбарчас боғлаган ҳолда замон талабларига мувофиқ янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланди.
Соҳа фаолияти сўнгги беш йил ичида бир неча бор кўриб чиқилиб, уларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та мақсадли қарорлари доирасида Давлат геология қўмитаси қайта ташкил қилинди ва республика минерал-хомашё базасини янада ривожлантиришга доир муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Бунда геология соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий талабларда технологик янгилаш, илм-фанни тиклаш ва кадрларни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, янги самарали ишлайдиган тизим яратишга урғу берилди. Илгари 3 та – олтин, уран ва ер ости сувларини қидириш билан шуғулланган соҳа, бугунги кунда 17 турдаги олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам ва бошқа қазилма конларини қидириш фаолиятини амалга оширмоқда.
Бунда нафақат фойдали қазилмалар захирасини кўпайтириш, балки яна бир муҳим жиҳати ҳисобланган ушбу захираларни қайта тикланишига эришиш, яъни ҳар бир қазиб олинаётган ер ости бойликлари ўрнини янгиси билан қоплаш ва иқтисодиёт занжирига қўшиш вазифалари белгиланди.
Хусусан, геология ишларини жадаллаштиришга сўнгги 5 йилда 4,6 триллион сўм йўналтирилиб, жумладан, модернизациясига 890 миллиард сўмлик 1 минг 200 дан ортиқ илғор ускуна ва инновацион технологиялар жорий қилинди. Натижада геология қидирув унумдорлиги йилига 37 фоизга ошди, намуналар (керн) чиқиши 70 фоиздан 95 фоизга етказилди, рудадаги элементларни аниқлаш кўлами 12 тадан 63 тага етди, ишлар кўлами 2 баробар кенгайди.
Замонавий аэрогеофизика комплекси (Канада) ишга туширилиб, ер қаърини инновацион усулда ўрганиш жорий этилди, 1600 кв. километр майдон ўрганилиб, кейинги босқич геология ишлари учун 10 дан ортиқ олтин ва мисга салоҳиятли майдонлар ажратилди.
2017-2020 йилларда олтин захираси 258 тоннага, кумуш 877 тонна, мис 279 минг, уран 17,5 минг, қўрғошин 61 минг, рух 72 минг ва вольфрам 14 минг тоннага кўпайди. Минерал хомашё базасини кескин кенгайтириш ишлари 2021-2022 йилларда давом эттирилиб, олтин захираларини 20 фоизга, кумуш 2 баробар, мис 3 баробар, ер ости сувларини 30 фоизга оширишга эришилди.
Шунингдек, нефть ва газ бўйича бошланғич геология-қидирув ишларини олиб бориш функцияси қўмитага берилиб, 2020-2021 йилларда 32 та янги структура ва 100 миллион тонна шартли бирликдаги углеводород истиқболли ресурсларини аниқланди. Жорий йилда эса 47 миллион тонна ресурс ва 16 та структура аниқланиши кўзда тутилган.
ЎзА мухбири
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди.