“Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ва Россиянинг Перм миллий тадқиқот политехника университети (ПНИПУ) ўртасида ҳамкорликка доир Меморандум имзоланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда икки томон раҳбарияти, университет делегацияси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Асосий мақсад таълим, илм-фан ва инновациялар йўналишида мустаҳкам, тизимли ва узоқ муддатли шерикликни ривожлантиришдир. Ҳамкорликда 500 та махсус грант ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, улар орқали корхона ходимлари масофавий тарзда ПНИПУда таҳсил олиш имконига эга бўлади. Дастур бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларини қамраб олади.
– Ушбу йўналиш металлургия соҳасида замонавий билимга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини жадаллаштиради. Бундан ташқари, намунали ва аъло баҳоларга ўқиётган талабаларга олийгоҳ томонидан стипендия берилиши белгиланган. Ишонаманки, бу ташаббус ходимларимизнинг билими ва малакасини янада оширади. Айрим сабаблар туфайли илгари олийгоҳда ўқий олмаган ишчилар энди бу саъй-ҳаракатлар натижасида ишдан ажралмаган ҳолда талаба бўлиши мумкин, – дейди “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти раҳбари Баҳодир Абдуллаев.


Томонлар ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимидан сўнг ПНИПУ делегацияси учун комбинат ишлаб чиқариш бўлимларига экскурсия ташкил этилди. Меҳмонлар корхонанинг технологик жараёнлари, янгиланган ишлаб чиқариш қувватлари ва муҳандислик маркази фаолияти билан танишди.


Мазкур тадбир доирасида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси бўйича “Ўзметкомбинат” АЖ жамоаси Футбол академияси ҳудудида дарахт экиш тадбирида иштирок этди. Унда мазкур ҳудудга 200 туп дарахт экилди. Шу билан бирга корхона ҳудуди ва унинг атрофи бўйлаб 10 минг туп кўчат экиш жараёни ҳам бошлаб юборилди.



– “Ўзметкомбинат” АЖ ушбу экологик ташаббус орқали корхона ўз фаолиятини фақат саноат ривожи билан чеклаб қўймасдан, атроф-муҳитга масъулиятли муносабат, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва жамият учун қулай экологик муҳит яратиш борасида ҳам амалий ишларни давом эттираётганини яна бир бор намоён этди. Бугун экилган ҳар бир ниҳол келажак авлодга тоза ҳаво, соғлом муҳит ва обод шаҳар қолдириш йўлидаги муҳим ҳисса бўлиб хизмат қилади, – дейди Корпоратив муносабатлар бошқармаси бошлиғи Юлдуз Усманова.
А.Мусаев, ЎзА.