Бугун, 5 март куни Россиянинг Москва шаҳрида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Aeroflot-open 2026” халқаро турнирининг сўнгги 9-тур баҳсида ҳамюртимиз Муҳаммадзоҳид Суяров “Open” гуруҳи етакчиси Ян Непомняший билан куч синашади.
Ушбу турда оқ доналарда ҳаракатланадиган маҳоратли шахматчимиз М.Суяров кеча ўтказилган 7-турда қора доналарда россиялик Александр Риазанцевни мағлуб этди. Шундан кейин ташкил этилган 8-турда 5-рақам остида таснифланган яна бир россиялик иштирокчи Александр Гришукни ҳам қора доналарда доғда қолдирди. Ортда қолган 8 та турнинг 5 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг, 1 тасида имкониятни бой берган истеъдодли ёш шахматчимиз Муҳаммадзоҳид 6 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 2-ўринга кўтарилиб олди.

Биринчи ўринда бораётган Непомняший ҳисобида 6 очко бор.
Шунингдек, 21-бор ташкил этилаётган турнирда қатнашаётган яна беш нафар шахматчи ҳам Суяров сингари 5 очко жамғаришга муваффақ бўлган.

Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб айтадиган бўлсак, бугунги баҳсда шахматчимиз тажрибали Ян Непомняшийни мағлуб эта олса, турнир ғолибига айланиши эҳтимолдан йироқ эмас. Аёллар шахматида мамлакатимизнинг биринчи рақамли спортчиси Афруза Ҳамдамова ўтган 7-турда қора доналарда ҳаракатланиб, ўзидан рейтинг кўрсаткичи деярли 200 очко баланд ҳиндистонлик Нараянан билан муроса йўлини танлади. 8-турда эса ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган Николай Трегуенкони оқ доналарда мағлуб этди.

Ҳозирда А.Ҳамдамова 4 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 150 нафар иштирокчи орасида 57-ўринни банд этиб турибди. Бугун ўтадиган 9-турда Ҳамдамова қора доналарда ФИДЕ байроғи остидаги яна бир иштирокчи Максим Тцарук билан куч синашади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА