French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳаммадалихон Панжиев: “Келажакда энг яхши ота бўлиб, фарзандларимга бор меҳримни бераман”
15:30 / 2023-02-11

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, кўмакка муҳтож етим болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рўйхатга олиш ва манзилли кўмак кўрсатишда жойларда ташкил этилган “Меҳр дафтари” платформаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Вилоятда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни асраб олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди  вилоят ҳокимлиги аппарати котибият мудири Мансур Ярашев. – Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда 9 та оилавий болалар уйи ташкил этилди. 2021 йил якуни билан вилоятдаги 32-меҳрибонлик уйи фаолияти якунланди. Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга эътибор тубдан ўзгарди. Уларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш, умуман оила муҳитида тарбиялаш, жамиятда ўз ўрнини топадиган даражада етук инсон бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилавий болалар уйидан ўзини яқин қариндошларига, қонуний вакилларига ёки ўз ота-онасига қайтарилди. Ҳозирги кунда вилоятда жами 9 та оилавий болалар уйида 49 нафар болалар тарбияланмоқда.  

Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги  “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш бўйича вилоятда  муайян чора- тадбирлар амалга оширилди. 2022 йилда Бухоро вилоятида уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган 34 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш мақсадида  Республика бюджетидан ҳар бир бола учун 130 миллион сўмдан жами 4 миллиард 420 миллион сўм маблағ ажратилди.  

Оилавий болалар уйлари тарбияланувчиларини оила муҳитида тарбиялашни ташкил этиш ва назорат қилиш мақсадида туман ва шаҳарлар  болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари, Миллий гвардия вилоят бўйича бошқармасининг психологлари бириктирилди. Болаларнинг фан, замонавий ахборот технологиялари, хорижий тиллар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида оилавий болалар уйларига замонавий компьютер жамланмалари берилди.  

Етимлик нималигини ўз бошидан ўтказган Меҳриддин Маттиев ҳам ҳозирда олти нафар болани ўз қарамоғига олган. Оиланинг уч нафар фарзанди бўлиб улар  қаторига Темур, Муҳаммадалихон, Абдулбаситхон,  уч нафар ака укалар Андрей, Александр ва  Алексей ҳам қўшилди.  

–Мен ҳам меҳрибонлик уйида тарбияланганман, – дейди тутинган ота Меҳриддин Маттиев. – Меҳрибонлик уйида тарбияланган давримда  етим  болаларнинг ҳаммасини асраб олиб, қарамоғимда тарбиялаб, ғамхўрлик қилишни орзу қилардим. Президентимиз ташаббуси билан меҳрибонлик уйлари ёпилди. Уларнинг ўрнида оилавий болалар уйи ташкил этилди. Бу ташаббус мени жуда ҳам хурсанд қилди. Мен биринчи навбатда меҳрибонлик уйига бориб 6 нафар болаларни асраб олдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. уларнинг келажагига бевосита масъул эканман, албатта Ватанимиз равнақи йўлида ҳисса қўшадиган фарзандлар бўлиб етишишига ваъда бераман. Мен кўрган азобларни кўрмаслиги учун меҳнат қиламан. Уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқараман.  

Бу оилада болалар учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, оилавий қадриятлар асосида  таълим тарбия олишлари нафақат оила аъзолари, балки бириктирилган масъуллар иштирокида  доимий  назорат қилинади. Ўз вақтида хабар олиниб болалар билан самимий мулоқот ўрнатилиши йўлга қўйилган. Кемтик қалбли болалар паноҳ топган оила аталмиш мўъжаз маскан ҳақида бугун уларнинг тушунчалари, кўнглидаги туйғуларию, ўй-фикрлари кечагидан бошқача. Икки нафар укаси билан шу оиладан қўним топган Андрей бугун келажагини ёрқин нурларда кўрмоқда.  

– Бизнинг ҳам ота-онамиз бор,  – дейди Андрей Раҳматов. – Бирга улар билан дарс қиламиз. Табиат қўйнида айланамиз. Китоб ўқиймиз. Уларнинг меҳрибонликларини айтмайсизми. Биз учун барча шароитларни яратиб беришди. Асосийси укаларим билан бирга ота-оанмизни топганимиздан хурсандмиз.  

Муҳаммадалихон оилада унга кўрсатилаётган меҳр ва эътибордан мамнун. Чунки энди унинг ҳаёти тубдан ўзгарди. Тутинган ота-онасининг ғамхўрлиги, қариндош уруғларнинг меҳрли муносабатидан янгича куч олиб ўз олдига катта мақсадлар қўйган.  

– Мен жуда ҳам хурсандман, – дейди Муҳаммадалихон Панжиев. – Ота-онамнинг бераётган меҳри билан ўсиб улғаймоқдаман. Бизга яратиб берилган имконият ва шароит учун раҳмат. Келажакда энг яхши ота бўлиб, фарзандларимга бор меҳримни бераман.  

Болаларга оналик меҳрини бераётган Нилуфар Ражабова уй бекаси. Кун бўйи ўз вақтини болалар таълим тарбияси, уларнинг саломатлигини яхшилаш, руҳиятини ўрганишга бағишлаб анча тил топишиб қолди. Кўнгли кемтик болаларнинг бошини силаб уларга бор меҳрини бермоқда.  

– Оилавий болалар уйи барибир бошқача экан,  – дейди  Андрей Раҳматов.  –Эрталаб ота-онангиз болам тур деб уйғотади. Овқатингни егин деб меҳрибонлик қилади. Мактабга кузатиб қўяди. Дарсдан қайтишимизни кутади. Бирга дарс тайёрлашда кўмаклашади. Биласизми, меҳрни шу оилада кўрдим.    

Бухоро шаҳри Шейхон маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳаким Жўраев ҳамда Зарнигор Саидовалар ҳам 6 нафар болани ўз қарамоғига олиб 2-сон оилавий болалар уйини ташкил этган. Катерина, Рухсора, Хонали, Шаҳризода, Зилола ва  Надежда  бугун бу оиланинг уч нафар фарзанди  билан биргаликда таълим тарбия олмоқда. Кўнгли ярим болаларга ҳар қанча эътибор кўрсатилмасин уларнинг кемтик қалбини оила деган улуғ қадриятдан ўзга нарса тўлдиролмаслиги аниқ. Айни пайтда уларнинг қалбидаги жароҳатга малҳам бўлувчи, тўғри йўлга солиб ота-оналик қилувчи меҳрибон инсонлар бор. Айниқса, вояга етаётган қизларнинг камолотида онанинг, оилавий соғлом муҳитнинг ўрни жуда катта. Мазкур оилада мана шундай шарт-шароитларга алоҳида эътибор қаратилган. Оиланинг катта қизи Катерина Жукова  9-синфда ўқийди. Спорт бўйича қатор ютуқларни қўлга киритган, кенжа эркатой Рухсора эса бу оилага тезда кўникиб кетди. Боғчадан келибоқ отасининг меҳрини туйишга интилади. Қувноқ қизалоқ Надежданинг ҳам орзулари бир дунё. Ундан ҳар доим хабардор Миллий гвардия ходимларига ҳавас қилиб ҳарбий соҳага қизиқади.  

– Отам билан онам жуда ҳам меҳрибон, – дейди  Надежда Жукова. – Улар жуда ҳам яхши инсонлар. Мактабга боришимиз учун барча имкониятларни яратиб беришди. Опа-сингилларимиз билан бирга ўйнаб, кулиб мактабга қатнаймиз. Мен ҳарбийларга ҳавас қиламан. Келажакда ҳарбий бўлмоқчиман.    

Болаларнинг таълим тарбия олишлари замонавий фанларни ўзлаштириш ва касб ҳунар ўрганишлари учун Ҳаким ака ва Зарнигор опалар алоҳида масъулият билан ишга киришган. Муҳими, бугун болаларнинг бахтиёр табассуми ортида  уларнинг ҳаётида янги мазмун  ифода топгани рост.  

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу эзгу ташаббус ҳар бир боланинг келажаги учун муҳим қадам, оила аталмиш бахтли маконда ота-онанинг меҳри-эътиборида униб ўсиши учун қилинаётган хайрли ишдир.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА