French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳаммад Юсуф асарлари билимдонлари
16:42 / 2023-04-26

Бугун эл суйган ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун. У ҳаёт бўлганида 69 ёшни қарши оларди. “Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда, асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди.”, – деб ёзган эди атоқли адибимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад.

Ҳар йили Наманган вилоятининг Косонсой туманида, она юрт ишқида ёнган беназир ва хассос шоир таваллуд куни арафасида Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан ўқувчи-ёшлар ўртасида “Муҳаммад Юсуф асарлари билимдони” танлови ўтказилади. Бу галги танлов туманнинг саккизта ҳудудида уюштирилиб, ундаги ғолиб жамолар финал босқичида беллашди. Танлов бошланиши аввалида, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Наманган вилояти раиси, шоир, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Зиёвуддин Мансур замондоши атоқли шоир Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ ёрқин хотираларини сўзлаб берди. Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Абай” номидаги давлат мукофоти соҳиби Исоқжон Нишонов сўз олиб, Она Ватанга чексиз муҳаббатни, эл-юрт, миллат дарду қувончларини бор овоз билан куйлаган шоир Муҳаммад Юсуф ижоди кўнгилларга ҳаяжон соладиган қўшиқларга айланганлиги, кўнгил мулкига айланганлигини таъкидлади. Танлов жараёни таниқли ёзувчи-шоирлар, журналистлар, адабиётшунос муаллимлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан учта шарт асосида баҳолаб борилди.  

“Муҳаммад Юсуф асарлари билимдонлари” кўрик-танловида 35-сонли умумтаълим мактаби жамоаси биринчи, 22-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси иккинчи, 25-сонли умумтаълим мактаби жамоаси учинчи ўринни эгаллади.  

Ғолиб жамоалар ва фаол иштирокчи жамоаларга ташкилотчиларнинг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари берилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА