Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Асамблеясида Марокаш Қироллиги вакили Муҳаммад Валад Ар-Рашид ҳам иштирок этмоқда. У анжуман доирасида ташкил этилган Қўшилмаслик ҳаракати парламент тармоғи тўртинчи конференциясида сўзга чиқиб, мазкур тузилма фаолият бошлашига туртки бўлган омилларни ҳимоя қилиш зарурлигига тўхталди. Айни жараёнда давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилини қатъий ҳимоя қилишини айтди.
Марокаш расмийси мамлакати халқаро тинчлик ва хавфсизлик, бирдамлик, самарали ҳамкорлик ва интеграция қадриятларини мустаҳкамлашга асосланган кенг қамровли стратегик қарашни ёқлашини таъкидлади.
Ассамблеяда кўтарилаётган ижтимоий адолатни таъминлашдек муҳим мавзулар ҳар бир шахс ҳуқуқи таъминланиши учун шароит яратиш билан боғлиқлигига урғу берди.
– Бугун дунёда турли қарама-қаршилик, ихтилофлар бисёр-ки, бундан одамлар жабр чекмоқда, – дейди Муҳаммад Валад Ар-Рашид. – Шундай муаммолар ечими ҳақида 180 дан ортиқ мамлакат парламентлари вакиллари йиғилиб, фикр алмашиши албатта натижа беради.
Мулозим мазкур йирик тадбир Ўзбекистон томонидан юксак даражада ташкил этилгани, қулай муҳитда долзарб масалалар муҳокамаси давом этаётган Тошкент ассамблеяси овози бугун бутун дунёга таралаётганини таъкидлади.
М.Пирматова, ЎзА