Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Туркий адабиётнинг беназир сиймоларидан бири, буюк озарбайжон шоири Муҳаммад Фузулийнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг ғазаллари, таржиъбандлар, таржиъбанди мусаддас, мухаммаслар, мураббаълар, қитъалар, рубоийлари, шунингдек, “Арбаъийн” – қирқ ҳадис назми, “Лайли ва Мажнун”, “Бангу бода”, “Суҳбатул-асмор” достонлари жой олган.
Фузулий шеърияти барча туркий халқлар орасида таржимасиз, ортиқча шарҳ – изоҳсиз севиб ўқилади. Жумладан, халқимиз учун ҳам улуғ шоирнинг дилбар шеърияти, хусусан, “Лайли ва Мажнун” достони ғоят маълум ва машҳурдир.
Китоб дебочасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек ва озарбайжон халқлари дўстлиги, бирдамлиги ҳақидаги фикрлари билан танишасиз. Хусусан, давлат раҳбарининг Муҳаммад Фузулий ва унинг ижоди ҳақидаги қуйидаги сўзлари қалбингизда акс-садо бергандек бўлади: “Фузулий ғазалиёти ўзбек миллати ҳаётига шу қадар сингиб кетганки, ҳатто бадиий асарларнинг қаҳрамонлари ҳам Фузулий девонини ўқишади. Масалан, атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида Отабек Фузулий девонини ўқиб ўтирганида Кумуш унинг ёнига бориб: “Мен ҳам ёлғиз қолган вақтларимда Фузулий девонини ўқийман” деган сўзни айтади. Қодирийнинг бу ифодаси шунчаки оддий ифода эмас, балки ўзбек халқининг Фузулий даҳосига бўлган муҳаббатини акс эттирувчи самимий таърифдир”.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, таниқли шоир, таржимон, олим Мирзо Кенжакбекнинг “Ошиқи содиқ Фузулий” номли катта сўзбошиси – кириш сўзи сизни шоир ижодий олами эшикларини очишга, бу гўзал боғ ҳавосидан баҳраманд бўлишга кўмакчи бўлади.
Дерларки, қилур ғунча лаби ёр ила баҳс,
Гулбарги тар ул лаъли гуҳарбор ила баҳс.
Ул бир неча дилсизлара туҳматдир бу,
Даъвоя керак лаҳжаи гуфтор ила баҳс...
Ёки
Фарёдки, ишқ беқарор этди мани,
Дарду ғам ила зору низор этди мани.
Хоки сари кўйинда ғубор этди мани,
Саргаштаву хору хокисор этди мани...
Юракка қанчалар яқин сатрлар...
Муҳаммад Фузулийнинг “Танланган асарлар”ини, албатта, топиб ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА