Асрлар давомида Ўзбекистон ва Эронни нафақат умумий тарих, бой маданий мерос, балки муштарак қадриятлар, дин ва анъаналар бирлаштириб келган. Икки давлат ўртасидаги дўстона муносабат сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, сиёсий, иқтисодий, маданий ва гуманитар соҳаларда изчил ривожланмоқда.
Мамлакатимиз ушбу давлат билан 1992 йил дипломатик муносабат ўрнатган. Аввал Тошкентда Эроннинг элчихонаси очилган ва 1995 йил Теҳронда Ўзбекистон элчихонаси фаолият бошлаган. Бугунги глобал ўзгаришлар ва геосиёсий жараёнлар шароитида Ўзбекистон ва Эрон Ислом Республикаси ҳамкорлиги нафақат икки томон, балки бутун минтақа барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Англаганингиздек, “Дипломатик ракурс” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳаммад Али Искандарий.
– Ассалому алайкум, жаноб элчи! Аввало, таклифимизни қабул қилганингиз учун ташаккур.

– Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги учун интервью беришдан мамнунлигимни ифода этган ҳолда, ижодий жамоа, ўқувчилар ва умуман, ўзбек халқига самимий саломим ва эҳтиромимни билдирмоқчиман.
– Ўзбекистон ва Эрон дипломатик муносабати 33 йилдан ошдики, фаол ривожланмоқда. Айтингчи, бугунги кунда бу алоқалар қай даражада? Умуман, юртингиз хорижий ҳамкорлари орасида Ўзбекистоннинг ўрни қандай ва бу қиёс нималарга асосланади?
– Биласизми, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабат дўстона хусусияти билан ажралиб туради. Таъкидлаш жоиз, орамизда қалин дўстлик, биродарлик мавжуд. Бугунги кунда Эрон Ислом Республикаси Ўзбекистоннинг 17-ташқи савдо шериги ҳисобланиб, иқтисодиётларимиз бир-бирини тўлдириб туради.
Кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликни турли соҳаларда ривожлантиришга қаратилган 30 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Қолаверса, мунтазам равишда делегациялар алмашинуви, жумладан юқори мартабали раҳбарларнинг ўзаро ташрифлари амалга ошириб келинмоқда.
Охирги бир неча йил ичида Президентларимиз беш марта учрашди. Бу алоқаларимизнинг юқори суръатидан долалат.
Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссия мажлислари ўтказиб келиняпти. Жорий йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Эронга ташриф буюрди. Ушбу делегацияга мамлакатингизнинг йирик ва муҳим компанияларидан иборат тадбиркорлар гуруҳи ҳам ҳамроҳлик қилди. Ташриф чоғида имзоланган “Йўл харитаси”да белгиланган бандлар ижроси ўлароқ, бугун савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда аниқ қўшма лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
– Халқларимиз умумий маданий ва тарихий илдизларга эга. Эронда Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ биз билмаган қандай маълумотлар бор. Умуман, мавжуд маданий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мумкинми?
– Халқларимиз жуда кўп тарихий-маданий муштаракликка эга. Мажозий маънода халқларимизни бир ариқдан сув ичган икки миллат, дейиш ўринли.
Икки республика биргаликда турли маданий кўргазмалар ўтказмоқда, музейларимиз алоқалари, турли йўналишда фаолият кўрсатувчи санъат вакиллари, хусусан ҳунармандлар ўртасида ҳам фойдали мулоқот йўлга қўйилган.
Эътиборли томони, Ўзбекистон ва Эрон минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида мустаҳкам алоқага эга. Масалан, мамлакатларимиз бошқа кўпгина давлатлар билан ҳамкорликда барчамизнинг умумий байрамимиз – Наврўзи айёмни ЮНЕСКО номоддий маданий мероси рўйхатига киритишди.
Ўзбекистон маданий ҳамкорлик борасида самарали ташаббусларни илгари суриб келади. Биз бу ташаббусларни доим ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
– Келинг, кўпчиликни қизиқтирган сармоявий ҳамкорлик мавзусига ўтсак. Ўзаро савдо ҳажми сўнгги йилларда қай тарзда ўзгармоқда? Диёримиздаги қайси соҳалар эронлик ишбилармон ва тадбиркорларни кўпроқ қизиқтиради? Ўзбекистон Эронга экспорт ҳажмини ошириши, янги бозорлар топишида маҳаллий тадбиркорларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Ҳозирги кунда икки ўлка ўртасидаги йиллик товар айирбошлаш ҳажми 500 миллион АҚШ доллари атрофида. Савдо айланмасининг асосий қисмини хусусий секторга тегишли компаниялар амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида таъсис этилган ва рўйхатдан ўтказилган 250 корхона фаолият кўрсатмоқда.
Юқорида таъкидлаганимдек, биз бир-биримизни тўлдирамиз. Масалан, биз Эроннинг сифатли маҳсулотларини маҳаллий истеъмолчиларга таклиф қиламиз. Ўзбекистон товарларига эса Эронда талаб кучли. Айниқса, юртингизнинг ипак маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланадиган ўғитлари бизда жуда харидоргир.
Хуллас, кенг турдаги товарлар экспорт-импорт қилинмоқда. Масалан, қурилиш материаллари, электротехника ёки турли металлардан ясалган маҳсулотлар шулар жумласидан.
Мамлакатларимиз ҳукуматлари ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини йилига 2 миллиард АҚШ долларига етказишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишган.
– Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболи ҳақида қандай фикрдасиз? Масалан, “Жануб – Шимол” транспорт йўлаги...
– Албатта, Эрон Марказий Осиёнинг Форс Кўрфази ва Африка давлатлари билан боғланиши учун қулай, арзон ва хавфсиз транзит йўли ҳисобланади. Шу боис транспорт ва транзит соҳасидаги алоқаларимиз яхши ривожланяпти. Яқинда республикаларимиз ўз ҳудудларида иккинчи давлат автомобиль транспорти ташувчиларидан олинадиган 400 АҚШ доллари миқдоридаги йўл йиғимини бекор қилишга келишиб олдилар.
Умуман, Ўзбекистон барча экспорт ва импорт товарларини ўлкамиз ҳудуди орқали транзит қилиш имконига эга. Шу тариқа юртингиз Форс кўрфази, Жанубий Осиё ва Африка бозорларига чиқади. Табиийки, бу икки мамлакат учун ҳам иқтисодий манфаат келтиради.
– Сир эмас, Эрон ва Марказий Осиё муносабатида Афғонистон омили жуда муҳим. Шу нуқтаи назардан, минтақа хавфсизлиги учун Афғонистон келажагини қандай тасаввур қиласиз?
– Охирги бир неча ўн йиллик давомида биз миллионлаб афғон қочоқлари учун мезбон мамлакатга айландик. Эрондан паноҳ топган афғон қочоқлари энг кўпайган пайтлари уларнинг сони 8 миллион нафаргача етган.
Афғон халқи қийин вазиятга тушиб қолганда биз ёрдамимизни дариғ тутмадик, эшикларимизни афғон қочоқлари учун ҳеч қачон ёпмадик. Бугунги кунда ўша афғонларнинг кўпчилиги бизнинг жамиятга мослашган. Эндиликда улар ўлкамизда барча эронлик фуқаролар фойдаланадиган ҳуқуқлар – таълим, тиббиёт, иш ва бошқа ижтимоий ҳуқуқлардан бемалол фойдаланади. Яъни, биз афғонлар учун жуда яхши қўшни ва мезбон бўлиб келяпмиз.
Ҳукуматимиз бошқа кўпгина давлатлар қатори Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракатни доим қўллаб-қувватлайди. Яна бир гап: ҳозирги кунда биз Афғонистондаги Толибон муваққат ҳукумати билан яхши муносабат ўрнатганмиз. Савдо-иқтисодий алоқа босқичма-босқич тикланмоқда, транзит ҳамкорлиги орқали ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
– Яхши биламиз, Эрон энергетика соҳасида улкан салоҳиятга эга. Ўзбекистон билан энергетика, нефть-газ ва қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича қандай қўшма лойиҳалар мавжуд?
– Ҳозирча энергетика соҳасида Ўзбекистон билан йирик лойиҳаларимиз йўқ. Келгусида юртингиз билан айни соҳада ҳам кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрмиз. Масалан, энергетика саноати учун керак бўладиган турли асбоб-ускуна, жиҳозлар етказиб бера оламиз.
Шу билан бирга қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича шерикликни кенгайтириш имконияти ҳам бисёр. Ҳар икки мамлакат учун экологик тоза ва иқтисодий самарали энергия ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.
Эрон ўз тажрибаси ва технологияларини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёр. Бу энергетика секторидаги ресурсларни самарали бошқариш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Бундан ташқари, нефть-газ тармоғида қўшма лойиҳалар орқали минтақавий барқарорлик ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз.
– Маълумки, мамлакатимиз фуқаролари Эронга визасиз бориши жорий қилинган. Айтингчи, икки томонлама туризмни ривожлантириш учун яна қандай ташаббуслар мавжуд?
– Эрон ва Ўзбекистон туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга. Ҳар икки мамлакатда тарихий қадамжолар, бетакрор қадимий масканлар саноқсиз. Республикаларимиз ҳунармандлик ва санъатнинг бошқа кўплаб турлари бўйича тараққий этган. Буларнинг бари туризмга туртки берадиган муҳим омиллар ҳисобланади.
Ҳукуматимиз оддий одамлар ўзаро бориш-келишини кўпайтириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида бир томонлама, яъни Ўзбекистон фуқаролари учун икки ҳафталик муддатга визасиз режимни йўлга қўйган. Шу орқали мамлакатингиз фуқаролари бир йилда икки марта икки ҳафтадан Эронга сайёҳ сифатида визасиз бориб келишлари мумкин.
Мазкур тартиб ўрнатилгач, Эронга борувчи ўзбекистонликлар сони сезиларли равишда ошди. Ҳафтасига 3 та Теҳрон – Тошкент рейси мавжуд. Охирги пайт ушбу авиарейсларга жой топилмаяпти. Йўловчи кўплиги учун чипта жуда эрта тугаяпти. Илгари бундай эмасди. Демак, ўзаро қизиқиш кучли, борди-келди кўпайган.
Тиббиёт туризми соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи ҳам жиддий муҳокама қилиняпти. Жумладан, Эрондаги клиникалар, даволаш муассасаларида ўзбекистонлик беморлар бориб даволаниши учун барча шарт-шароит яратилган. Бугунги кунда Эрон тиббиётида бепуштликни даволаш, умуртқа ва мия жарроҳлиги каби йўналишлар бўйича жаҳон стандарти даражасида хизмат кўрсатиляпти. Бизда тиббий хизматлар, жумладан, амалиёт нархи кўп давлатларга нисбатан арзон. Бунинг сабаби шундаки, биз мамлакатимизда истеъмол қилинадиган фармацевтика маҳсулотларининг 95 фоизини ўзимиз ишлаб чиқарамиз. Тиббий муассасаларда фойдаланиладиган жиҳозларнинг ҳам аксарияти маҳаллий маҳсулот.
– АҚШ ва Ғарб давлатлари томонидан Эронга нисбатан жорий этилган санкциянинг минтақавий иқтисодий ҳамкорликка таъсири хусусида нима дея оласиз?
– Фикримча, санкциянинг асосий сабаби – Эрон ҳукуматининг халқаро майдонда адолат талаб қилаётгани бўлса керак. Айниқса, Исроил – Фаластин зиддиятига қарашимиз кўпчиликка маълум. 45 йил олдин ҳам шу масалага Эрон Ислом Республикасининг ёндашувини қандайдир ҳиссиётга эмас, балки мантиққа асосланган ҳолда билдирганмиз.
Фаластин халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга ва ўзи истаган давлатни тузмоқчи. Биз эса бошқа кўплаб мамлакатлар қатори, дунёда тинчлик бўлишини истаймиз, албатта.
Эрон ядро қуролини яратяпти, деган асоссиз даъволар ҳам ўртага ташланмоқда. Бироқ халқаро қонун-қоидада аниқ белгилаб қўйилганки, дунёдаги барча давлатлар тинч мақсадда ядро энергетикасидан фойдаланиши мумкин. Биз ҳам халқаро муносабат субъекти сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқимиздан фойдалана оламиз. Эрон ядро қуроли учун ҳаракат қиляпти, дейиш тўғри эмас. Бизнинг ҳарбий доктринамизда ядро қуроли ҳақида гап йўқ.
Қолаверса, бизнинг ядро дастуримиз тегишли халқаро тузилмалар, жумладан Халқаро атом энергетикаси ташкилоти (МАГАТЭ) томонидан доимий назорат қилиб борилади. Ҳолбуки, ушбу ташкилот ҳисоботида мамлакатимизда атом бомбаси яратишга интилиш йўқлиги қайд этилган.
Охирги йилларда диёримизда илм-фан, технология ва иқтисодиёт тез суръатда ривожланяпти ва бу ҳолат бизга нисбатан хайрихоҳ бўлмаган давлатлар норозилигига ва уларнинг мамлакатимизга қарши санкциялар киритишларига сабаб бўляпти. Ядро масаласи бўйича Ғарб давлатлари билан музокарага интилдик. Ҳатто бир марта келишув амалга ошди ҳам, аммо Дональд Трампнинг биринчи президентлик даврида АҚШ ушбу келишувдан чиқиб кетди.
Эътиборли жиҳати, жаҳоннинг кўпгина юртлари бизга қарши қаратилган санкция тарафдори эмас. Айни пайт бизга елкадош давлатлар билан ҳамкорлигимиз давом этяпти. Энг муҳими, санкцияни бартараф этиш йўлидаги саъй-ҳаракатни тўхтатганимиз йўқ.
– Маълумки, икки ўлка муносабатларини тарғиб этишда матбуот ва медиа тузилмаларининг ўрни беқиёс. Шу боис мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларини кузатиб борсангиз керак, албатта. Ахборот алмашиш ва бошқа йўналишларни қамраб олган шерикликни янада ривожлантириш бўйича таклифларингиз ҳам қизиқ биз учун...
– Мамлакатларимиз оммавий ахборот воситаларини мустақил ва профессионал жамоалар, деб ҳисоблайман. Фақат бир жиҳат бор: бевосита медиа алоқага, деярли, эга эмасмиз. Яъни, кўпинча бир-биримизга доир хабарни тўғридан-тўғри эмас, балки учинчи манбадан олиб ўқиймиз. Афсуски, бу ҳолат бир-биримизни тўғри ва тўлиқ тушунишимизга тўсқинлик қилади. Шу боис медиа тузилмаларимиз ўртасида ахборот ҳамкорлиги қатъий йўлга қўйилиши лозим.
Қувонарлиси, яқин кунларда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Эроннинг “IRNA” ахборот агентлиги ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутиляпти. Мазкур ҳужжат ўзаро ахборот ва тажриба алмашиш, иккала мамлакатдаги воқеаларни тезкор ва холис ёритиш имконини беради.
– Сиз дипломатик фаолиятингиз давомида Лондон, Остона, Киев ва Дублин каби шаҳарларда хизмат қилгансиз. Ўзингиз ишлаган юртлардан Ўзбекистон қайси жиҳатлари билан фарқли ва сиз учун эътиборли?
– Мен қайси мамлакатда ишлаган бўлсам, Эроннинг ўша давлат ҳукумати билан алоқасини мустаҳкамлаш, турли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшганман.
Бевосита Ўзбекистонга келадиган бўлсам, ўзбек халқи ниҳоятда меҳмондўст ва меҳнаткаш. Бу юртда ўзимни худди уйимдагидек ҳис қиламан.
Юртингизнинг бошқа давлатлардан фарқли яна бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман: Янги Ўзбекистон тараққиёт сари жуда тез одимламоқда. Иқтисодий-ижтимоий ривожланиш бошқа давлатларга нисбатан анча тез кетяпти.
Мен икки йилдан бери шу заминдаман. Деярли ҳар куни бирор янги ташаббус, самарали лойиҳа ёки дастурни эшитаман. Яъни Ўзбекистон ўз Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари раҳбарлигида юқори тезликда ривожланиш чўққиси томон қадам ташлаяпти.
– Жаноб элчи, қимматли фикрларингиз учун ташаккур. Ўйлайманки, суҳбатимиз кўпчилик учун фойдали бўлади. Сизни янги лойиҳаларимизда кутиб қоламиз.
– Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллик байрами билан ўзбек халқини яна бир бор чин юракдан табриклайман. Дўстлигимиз абадий бўлсин!
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1SndENcg2tk" title="Muhammad Ali Iskandariy: O‘zaro ishonch va yaqinlik –Eron – O‘zbekiston munosabatlarining asosi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир АЛИМОВ суҳбатлашди.
Аброр СОДИҚОВ (тасвирчи),
ЎзА