Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳаммад ал-Башир Суриядаги ўтиш даври ҳукуматини бошқаради
17:09 / 2024-12-10

Сурия Бош вазири Муҳаммад Жалоли душанба куни ҳокимиятни исёнчилар бошчилигидаги Нажот ҳукумати маъмуриятига топширишга рози бўлди.

Kazinform” хабарига  кўра, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳининг яқин ҳамкори деб ҳисобланган Муҳаммад ал-Башир Суриядаги ўтиш даври ҳукуматини бошқаради.

Aл-Башир муҳандис ва ҳуқуқ факультетини тамомлаган, аввал мухолифат ҳукуматида тараққиёт ва гуманитар ишлар вазири лавозимида ишлаган. 

Энди у Сурияда янги раҳбариятни шакллантириш ва мамлакатда сайловларни ўтказиш учун масъулдир.

Душанба куни Сурия мухолифатининг Ҳарбий амалиётлар департаменти пойтахт устидан назоратни тўхтатишини ва янги ҳукумат тузилган заҳоти иш бошлашини айтди. 

Муҳаммад ал-Башир ким?

Суриялик муҳандис ва сиёсатчи Муҳаммад ал-Башир Нажот ҳукумати томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, 1986 йилда Идлибнинг Жабал Завия ҳудудида туғилган. 2007 йил “Электротехника ва электрон муҳандислик” мутахассислиги бўйича Ҳалаб университетини тамомлаган.

2010 йилда Таълим вазирлиги томонидан ташкил этилган инглиз тилини чуқурлаштириш курсида ўқиган. 

2021 йилда эса Идлиб университетининг “Шариат ва ҳуқуқ” факультетини имтиёзли диплом билан тугатган. Ўша йили у Сурия халқаро таълим ва хорижий тиллар академияси томонидан маъмурий режалаштириш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича сертификат олди. Кейин муҳандис бўлиб ишлаган, газ мажмуаси қурилишига раҳбарлик қилган. 

2021 йилда ал-Башир ўз ишини ташлаб, ҳарбий инқилобчилар сафига қўшилди. 2022-2023 йилларда у тараққиёт ва гуманитар ишлар вазири лавозимида ишлаган. 

Жорий йил январь ойида Нажот ҳукуматининг Шўро кенгаши уни Бош вазир этиб сайлади. Унинг сайловолди дастурида электрон ҳукумат ва давлат хизматларини соддалаштиришга аҳамият берилди. 

Муҳаммад ал-Башир даврида мулк солиғи камайтирилди ва Идлиб шаҳрини туманларга бўлиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди. 

Ноябрь ойи охирида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” ва бошқа исёнчи гуруҳлар Суриянинг шимоли-ғарбий қисмидаги Aлеппони эгаллаб олиш учун ҳужум уюштирган пайт ал-Башир матбуот анжуманида “бу ҳаракатлар Сурия режимининг тинч аҳолига қилган ёвузликларига жавоб” эканлигини айтган.

4 декабрь куни у давлат идораларини назорат қилиш ва ўз вазифаларига қайтган аввалги маъмурият ходимларига миннатдорчилик билдириш учун Алеппога йўл олди. 

Г.Сатторова тайёрлади. ЎзА