Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳаммад Ал-Ажажий: Янги аэропорт юк авиацияси йўналишини ҳам жадал ривожлантиради
16:29 / 2025-10-19

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Янги Тошкент шаҳри қулай жойлашуви, инвестицион жозибадорлиги ва замонавий яшаш учун барча шарт-шароитга эгалиги билан ажралиб туради.

Бу ҳудуд келажакда мамлакатимиздаги энг гавжум ва серҳаракат масканлардан бирига айланиши кутиляпти. Бу ерда барпо этилаётган янги халқаро аэропорт қурилиши бошланишига бағишланган тантанали маросимда Саудия Арабистони делегацияси вакиллари – етакчи компаниялар раҳбарлари қаторида Саудия – Ўзбекистон бизнес кенгаши аъзоси Муҳаммад Ал-Ажажий ҳам иштирок этиб, мазкур йирик лойиҳа истиқболи хусусида ўз фикрини билдирди. Меҳмон давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси ва доимий қўллаб-қувватлови мазкур ташаббус муваффақиятли амалга ошиши ва тўлиқ якунланишида ҳал қилувчи омил бўлишини алоҳида таъкидлади:

– Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни дунё харитасида муносиб ўринга кўтариш, жаҳон ҳамжамияти билан янада мустаҳкам боғлашни истайди. Жумладан, Янги аэропорт қурилиши ҳам ана шу орзуни рўёбга чиқарадиган инфратузилма мўъжизасидир. Лойиҳа илк босқичиданоқ замонавий халқаро стандартга тўлиқ мос равишда амалга оширилмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида, “availability model” шаклида барпо этилаётган, хусусий сектор билан ҳукумат ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида намоён бўлаётган мажмуа авиацияни глобал логистика тармоғи билан боғлайдиган йирик марказга айланиши шубҳасиз. Келгусида дунёнинг турли бурчаклари, айниқса йирик шаҳарлардаги фуқаролар Ўзбекистон билан ҳаво орқали тўғридан-тўғри боғланади. Шу билан бирга мазкур модел хусусий секторга инновацион ёндашиш имконини бериб, аэропортнинг умумий самарадорлигини анча оширади. Янги аэропорт фақат йўловчи ташиш эмас, балки юк авиацияси соҳасини ҳам янги босқичга олиб чиқади. Яъни, нафақат миллий транспорт тизими, балки мамлакат иқтисодиёти ривожида ҳам муҳим қадам ҳисобланади. Биз бу борада кўрсатаётган ёрдами ва қўллаб-қувватлови учун Ўзбекистон ҳукуматига чуқур миннатдорлик билдирамиз ва келгусида бундай йирик лойиҳаларга Саудиянинг бошқа кўплаб компаниялари ҳам сармоя киритишини истаймиз.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА мухбири