Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Фарғона вилоят бўлими делегацияси Ҳиндистонда ижодий сафарда экани хақида аввал хабар бергандик. Улар Ҳиндистон журналистлари ассосацияси – Халқаро матбуот клубида бошқарув аъзолари билан учрашдилар ва ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб меморандум имзоладилар.
Фарғона журналистлари делегацияси Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасида расман қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги муваққат ишлар вакили Азиз Баратов билан ва мамлакатнинг 23 нафар энг йирик телевидения, босма нашр, ахборот агентлиги ва интернет сайтлари раҳбар вакиллари билан учрашиб матбуотнинг сиёсий жараёнга таъсири масалаларини муҳокама қилдилар. “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача стратегияси” тақдимотида қатнашдилар.

Шундан сўнг Фарғона журналистлари Деҳли, Жайпур, Фотиҳнур шаҳарларидаги Бобурийлар қолдирган кўплаб қалъа ва саройлар, тарихий обидалар билан танишдилар. Навбатдаги манзил – Агра шаҳри эди. Бу ерда Акбаршоҳ ва унинг фарзандлари бунёд этган қизил қалъа саёҳатида бўлдилар.

Ниҳоят, орзиқиб кутилган Тожмаҳал дарвозалари Фарғона журналистларига эшикларини очди. Тожмаҳал мўжиза эмас, севги, вафо, садоқатга бағишланган абадий қўшиқ эди. Шоҳжаҳоннинг Мумтозмаҳалга бўлган муҳаббат қўшиғи эди.

- Ушбу инфотур биз журналистлар учун жуда аҳамиятли бўлди. Тарихий обидалар дунёда кўп. Лекин муҳаббатга аталгани фақат битта. У ҳам бўлса Тожмаҳалдир.
Тожмаҳални кўриб буюк мухаббат тарихини ҳис қилдик, - дейди телемухбир Гулнора Ғиёсова.

- Яна бир бор амин бўлдимки, журналистлар дунё кезиши керак экан, - дейди Марказий Фарғона газетаси редактори Азимжон Худойқулов.

Фарғоналик журналистларнинг яқин дўсти устоз Фармон Тошев ҳам гуруҳда Ҳиндистонга ҳамсафар бўлдилар.

- Ўз даврида, шоҳлик пайтида Бобур ҳазратлари қирғоқларида сайр қилган Жамма дарёси бўйидамиз.
Бобурийлар авлоди Шоҳжаҳон Тожмаҳални нега яратди? Чунки унинг халқимизга садоқати ва муҳаббати юксак эди.
Бу аслида оддий кошона эмас, Туйғулар рангидан яралган макон. Жисми ерга тушди, аммо юрагин Шу ерга қўйганди ошиқ Шоҳжахон.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ejpjwfgi7Cs" title="“Муҳаббат қасри билан учрашув”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА
Ҳиндистон Агра