French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муфтий Нуриддин Холиқназаров: Умрачилар сони 10 минг нафарга етди, яна борадиганлар бўлса, шунча ўрин берамиз!
10:53 / 2022-02-24

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 22 январда илк зиёратчилар Саудия Арабистонига учган бўлса, ҳозирда ҳар куни Жидда ва Мадина шаҳарларига икки марта авиапарвоз мунтазам амалга оширилмоқда. Бу эса зиёратчиларимиз сони тобора кўпайиб бораётганидан дарак беради.

Идора раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Нукус шаҳридаги “Имом Эшон Муҳаммад” жоме масжидига ташрифи чоғида бу ҳақда тўхталиб ўтган. 
- Ҳозирги кунда дунё бўйича Умра зиёратига борувчиларнинг энг кўпини ўзбекистонлик зиёратчилар ташкил этмоқда, — дейди. Муфтий Н.Холиқназаров. — Ҳатто Малайзиядан келганлардан ҳам кўп экан. Шу кеча кундузда умрачиларнинг сони 10 мингга етди. Бундан кейин ҳам зиёратчилар сони ортиб бораверади, яна қанча борадиганлар бўлса, шунча ўрин берилади. Юртбошимиз инсон қадрини улуғлаш ҳақида кўп бор таъкидлаб, “қаерда бўлса, инсон қадрлансин” деяптилар. 

Биз ҳам шунга амал қилган ҳолда, муборак зиёратга отланган юртдошларимиз учун Макка ва Мадина шаҳарларида барча шарт-шароитлар яратишга ҳаракат қилдик. Биринчи навбатда, зиёратчиларимиз учун энг юқорида даражадаги Масжидул Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналар танланди. Бундай қулайлик уларга эмин-эркин ибодату зиёрат қилиш имконини бермоқда. Бунинг учун Яратганга шукроналар айтмоғимиз, шароитларни қилиб бераётган ҳукуматимиздан миннатдор бўлмоғимиз лозим. 

Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар 10 мингдан ортиқ юртдошларимиз муборак зиёратни адо этди. Умра тадбирларини 10 нафар ишчи гуруҳ бошқараётган бўлса, 200 нафар тажрибали элликбоши ва 45 нафар шифокор жалб этилган. Улар зиёратчиларининг саломатлиги, шарт-шароити ва кундалик эҳтиёжларидан доимий назорат қилиб боришмоқда. 

Гўзал Сатторова, ЎзА