Мудофаа вазирлиги мутахассис ва хизмат итларини тайёрлаш марказида Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ўртасида “Дог биатлон” мусобақаси ўтказилди.
9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган мазкур турнирда Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Миллий гвардия ҳамда Давлат божхона қўмитаси жамоалари ўз хизмат итлари билан иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, Мудофаа вазирлигининг эркаклар ва аёллар жамоалари мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, ўтган йилги натижасини такрорлади. Шунингдек, умумжамоа ҳисобида аёллар ўртасида ўтказилган баҳсларда Мудофаа вазирлигининг иккинчи жамоасига III ўрин насиб қилган бўлса, II ўринни Миллий гвардия терма жамоаси эгаллади. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари жамоаларига III ўрин насиб қилди. II ўринни Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати жамоалари банд қилди.

Бундан ташқари, мусобақада “Дог биатлони якка тартибда югуриш”, “300 метрли тўсиқлардан хизмат итлари билан ўтиш”, “Ғалабага бўлган кучли иродаси учун”, “Дог биатлони 3200 метр масофага якка тартибда югуриш” ва “Дог биатлон эстафетаси” каби қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида мудофаа вазири ўринбосари полковник Қодиржон Турсунов сўзга чиқиб, юртимизда бугун ҳар бир соҳада янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилаётгани, хусусан, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлигини ошириш, касбий кўникмаларини янада мустаҳкамлаш учун ҳам етарли шароитлар, қулай имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкилади. Ғолиблар ва совриндорларнинг келгуси хизматлари фаолиятида муваффақиятлар тиланди.

Шундан сўнг, ғолибларга диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Мусаев,
ЎзА