Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа вазирлиги спортчилари марафоннинг мутлақ ғолиби бўлди
17:43 / 2022-01-09

9 январь куни пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдонида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб 10 километр масофага марафон югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, триатлон федерацияси ташаббуси билан “Мен ғолиб” шиори остида ташкил этилган ушбу тадбирда куч тузилмалари ҳамда оддий аҳоли вакилларидан иборат ҳаваскорлар жамоалари иштирок этди.
Кўзланган асосий мақсад, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, мунтазам равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш йўлида юртдошларимизни бирлаштириш, югуришни оммалаштиришдан иборат бўлди.

500 нафарга яқин иштирокчини қамраб олган мазкур мусобақада умумий ҳисобда 390 нафар куч тузилмалари ҳамда таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Низомга кўра, “Мен ғолиб” югуриш мусобақасида ҳар бир жамоадан 30 нафардан иштирокчи, улардан 3 таси профессионал спортчи, 3 нафари эса аёллардан иборат бўлиши лозим. Жамоа ҳисобида энг яхши 25 натижа, улардан 3 нафари аёл қатнашчиларнинг натижалари қайд этилиши белгиланган. 
Байрамона кайфиятда бошланган марафон “Халқлар дўстлиги” саройи майдонидан старт олди ва Фурқат, Бешёғоч, Ислом Каримов ҳамда Амир Темур шоҳ кўчаси, Амир Темур ҳайкали айланма йўли бўйлаб давом этди.
Югуриш мусобақасида кўплаб таниқли инсонлар ва турли соҳа вакиллари ўз жисмоний тайёргарликларини синовдан ўтказишди. Шунингдек, томошабинлар учун қўл жанги намойишлари, турли спорт турларига оид чиқишлар ҳавола этилди.

Барча орзиқиб кутган ғолибларни эълон қилиш маросими эса ҳақиқий шоуга айланди. Эркаклар ўртасида маррага биринчи бўлиб, Мудофаа вазирлиги спортчиси, кичик сержант Шоҳрух Давлатов етиб келди. Буни қарангки, иккинчи бўлиб ҳам Мудофаа вазирлиги спортчиси кичик сержант Евгений Фадеев марра чизиғини босиб ўтди.
Аёллар ўртасида эса Мудофаа вазирлиги спортчиси, кичик сержант Маржона Оққўзиева маррага учинчи бўлиб етиб келди.

Умумжамоа ҳисобида Мудофаа вазирлиги спортчилари мутлақ ғолибликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўрин Миллий гвардия, учинчи ўрин эса Президент давлат хавфсизлиги хизмати жамоасига насиб этди.
Барча ғолиблар ташкилотчилар томонидан кубок ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Бобур ЭЛМУРОДОВ, Катта лейтенант,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими.
ЎзА