Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасалари курсантлари Ҳарбий қасамёд қабул қилди
Объектни капитал таъмирлаш ишларида иштирок этган мутахассислар Мудофаа вазирининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 28 йиллик тантанаси мамлакатимиз узра нишонланаётган, “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилаётган шундай қутлуғ кунда Мудофаа вазирлиги олий ҳарбий таълим муассасаси курсанти, миллий армиямизнинг ҳарбийси бўлишдек бахт насиб этган ўғлонлар тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилишди.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида янгидан барпо этилган олий ҳарбий таълим муассасаси – Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юртининг очилиши, шунингдек, билим юрти 1-курс курсантларининг Ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Мудофаа вазирлиги фахрийлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги объект рамзий лентаси қирқилгач, олий ҳарбий авиация билим юрти бошлиғига рамзий калит, шунингдек, Президентимиз номидан енгил автомобиль ва вилоят ҳокими номидан “Isuzu” автобуси топширилди.
Объектни капитал таъмирлаш ишларида иштирок этган мутахассислар Мудофаа вазирининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
25 йиллик тарихга эга олий ҳарбий таълим муассасаси очилишига бағишланган тадбир давомида Ҳарбий ҳаво кучлари томонидан тайёрланган ҳаво паради ва авиашоу намойиш этилди. Парад аввалида Н-125 русумли вертолётда давлатимиз байроғи олиб ўтилди. Ми-8МТ, Ми-24 вертолётлари, С-295, Су-25, Миг-29 самолётларининг билим юрти узра парвози меҳмонлар томонидан олқишланди.
Шунингдек, Қуролли Кучлар академиясида бўлиб ўтган тантанада ҳам академиянинг умумқўшин факультетига ўқишга кирган курсантлар тантанали Ҳарбий қасамёд қабул қилишди.
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирокида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётгани, ҳарбий хизматнинг ёшларимиз учун том маънода мардлик, чиниқиш ва тобланиш мактабига айлангани таъкидланди.
Мазкур тантаналар Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ҳамда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультетида ҳам ана шундай ҳаяжонли тарзда ўтди.
Битирув тантаналари давомида тақдим этилган байрамона концерт дастури, ижодкорлар ва спортчиларнинг чиқишлари барчага кўтаринки руҳ бағишлади.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти