French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа вазирлиги муҳандис-техник таркиби Қорақалпоғистон ва Хоразмда кўникмаларини оширди
20:44 / 2023-07-24

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисм ва муассасалари негизида Мудофаа вазирлиги қўшинлари муҳандис-техник таркиби билан ўқув-услубий йиғин бўлиб ўтди.

Унда Мудофаа вазирлиги ҳарбий округ, қўшилма, ҳарбий қисмларнинг зирҳли танк, автомобиль ва ракета-артиллерия хизмати бошлиқлари, олий ҳарбий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ракета-артиллерия қурол-аслаҳаларини сақлаш омборхоналари ҳамда зирҳли танк қурол ва техникаларини ишлатиш бўйича масъул шахслар иштирок этди.

Ҳозирги вақтда замонавий ҳарбий ҳаракатларни жанговар техникасиз тасаввур этиб бўлмайди. Душманга катта талафот етказиш, кучли зарба бериш, албатта, қудратга эга бўлган ҳарбий техникалар зиммасидаги муҳим вазифа бўлиб қолади. Аммо, ушбу техникаларнинг доимий жанговар шай ва соз ҳолатда ушлаб турилишини таъминлаш, ҳар хил об-ҳаво ва ҳудудларда ишлатишнинг ўзига хос бўлган томонларини инобатга олиш катта куч, сарф-харажат ва имкониятларни талаб қилади.

Таъкидлаш жоизки, Мудофаа вазирлиги қўшинларида бу йўналишга алоҳида эътибор қаратилиб, сўнгги йилларда ҳарбий қисм ва муассасалардаги жанговар техникаларни сақлаш парклари, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш жойлари, техника ва қурол-яроғни сақлаш омборларида капитал таъмир ишлари олиб борилиб, замонавий шарт-шароитлар яратилмоқда. Қўшинларга харид қилинаётган янги ҳарбий ва жанговар техникалар, ўқотар ва ракета-артиллерия қуроллари бутун армиянинг жанговар қудратини ошириб, мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Бир неча кун давом этган йиғинда назарий машғулотлар билан бирга амалий ва кўргазмали машғулотлар ҳамда назорат-синов машқлари ўтказилди. Йиғинга Қорақалпоғистон Республикасидаги куч тузилмалари муҳандис-техник таъминоти мутахассислари ҳамда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари ҳам жалб этилди.

Ўқув-услубий йиғин зирҳли танк қурол-аслаҳа ва техникалар ҳисобини тўғри юритиш, эксплуатация қилиш, сақлаш, техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича масъулларнинг назарий билим ва амалий кўникмасини ошириш ҳамда хизмат самарадорлигини юксалтириш мақсадида ташкил этилди.  

Мудофаа вазирлиги Қуролланиш бош бошқармаси бошлиғи полковник Дилшод Носиров раҳбарлигида ўтган ўқув-услубий йиғин Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида назарий машғулотлардан бошланди.

Албатта, ҳарбий операцияларда бўлинмаларнинг жанговар қобилиятини ушлаб туриш учун қурол-аслаҳа ва техникаларни юқори жанговар шайлик ҳолатида сақлаш, бўлинмаларни ўқ-дорилар ва ҳарбий-техник анжомлар билан таъминлаш, қисқа вақт ичида сафдан чиққан қурол-аслаҳа ва техникаларни тиклаш ва ўз вақтида сафга қайтариш бўйича масъулиятли вазифаларни бажариш талаб этилади. Тадбир иштирокчилари томонидан мудофаа операциясини олиб бориш даврида ҳарбий округ техник таъминотини ташкиллаштириш бўйича маърузаларда бу ҳақда таъкидланиб, замонавий ҳарбий операцияларда техник таъминотнинг ўрни муҳимлиги эътироф этилди.

[gallery-12870]

Маърузаларда иштирокчилар томонидан қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва артиллерия қуроллари, автомобиль ҳамда зирҳли танк техникаларини чўл шароитида жанговар қўллашга тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари, дунёда содир бўлаётган қуролли можароларда соҳа таъминотига оид омиллар чуқур ўрганилди. Шунингдек, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникага мавсумий техник хизмат кўрастишни ташкиллаштириш, қўшинларда йўл-транспорт ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича мутахассисларнинг тавсиялари тингланди.

Кейинги ўқув жойида гарнизон ҳудудидаги ҳарбий, жанговар ва махсус техникаларни сақлаш учун мўлжалланган паркнинг муҳим элементи ҳисобланган Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш тармоғининг имкониятлари намойиш этилди. Техника ва қурол-аслаҳаларга сифатли техник хизмат кўрсатиш ва жорий таъмирлаш ишларини олиб бориш, уларни доим соз ва жанговар шай ҳолатда сақлаш учун мўлжалланган мазкур объект 2021 йилда капитал таъмирдан чиқарилган бўлиб, замонавий кўринишга келтирилди. Замонавий дастгоҳ ва агрегатлар билан жиҳозлганган ушбу объектда мойлаш ишларини амалга ошириш, фильтрлар ва ҳаво кассеталарини ювиш ва мойлаш, стабилизаторлар, тунги мосламалар, электр жиҳозлари ва назорат-ўлчов асбобларини текшириш постлари яратилди. Шунингдек, монтаж-демонтаж, агрегатларни жорий таъмирлаш, чилангарлик, электрогаз пайвандлаш, темирчилик, электр жиҳозларига хизмат кўрсатиш, ёнилғи аппаратлари ва тентларни таъмирлаш ҳамда бўёқлаш каби ўнлаб ишчи жойлари бунёд этилди.

Навбатдаги ўқув жойида Нукус гарнизони ёнғин назорати инспекцияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ёнғин-қутқарув бўлинмалари ва қутқарув отрядлари томонидан ўт ўчириш ва қутқарув учун мўлжалланган анжом-аслаҳалар ва махсус ҳарбий техникалари ҳақида маълумот берилиб, шартли равишда ёнғин содир бўлганда ҳарбий қисм ёнғин ўчириш командасининг тезкор ҳаракатлари намойиш этилди. Шунингдек, ҳарбий қисм қурол-аслаҳа омбори ҳудудига ҳужум қилаётган шартли қуролли гуруҳнинг зарбасини қайтариш бўйича тактик машғулот кўрсатиб берилди.

Йиғин режасига мувофиқ, кейинги ўқув “Нукус” умумқўшин полигонида намойиш этилди. Унда чўл шароитида мудофаа операциясини олиб бориш давомида нотаниш ҳудудда техник кузатув пункти ва таъмирлаш-эвакуация гуруҳининг кундузги ва тунги шароитдаги фаолияти кўрсатилиб, ҳар бир объектни жиҳозлаш, ҳудудга мос равишда ниқоблаш ҳамда ишни ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Ҳар бир объектда йиғин иштирокчилари томонидан жараёнлар шахсан бажарилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Навбатдаги манзил Хоразм вилоятидаги “Урганч экскаватор заводи” акциядорлик жамияти бўлди. Унда мутахассислар завод инфратузилмаси, ишлаб чиқариш жараёни ҳамда миллий маҳсулот ва унинг имкониятлари билан яқиндан танишиб, билимларини бойитди.

Шунингдек, йиғин доирасида ҳар бир иштирокчидан жисмоний тайёргарлик ҳамда ҳарбий топографиядан назорат синовлари қабул қилиниб, мутахассислик бўйича билим ва кўникмалари текширилди.

Тадбир иштирокчилари Марказий Осиёдаги йирик ва ноёб меъморий ёдгорлик бўлмиш Ичан-қалъа, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тарихи музейига саёҳат қилиб, Нукус гарнизони ҳамда ҳарбий қисмларнинг маънавият ва маърифат марказлари фаолиятлари билан яқиндан танишди.

Ўқув-йиғини якунида соҳага оид қўшинларда мавжуд бўлган муаммоли савол ва мурожаатлар тингланиб, уларнинг ечими борасида таклифлар ишлаб чиқилди. Илғор ҳарбий хизматчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Темур НАРЗИЕВ,

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи, подполковник.

ЎзА