Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа вазирлиги матбуот анжуманида энг сўнгги янгиликлар маълум қилинди
14:17 / 2020-12-12

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Мудофаа вазирлиги томонидан ёшларда миллий ғурур, она юртга содиқлик, ватанпарварлик ва миллатпарварлик туйғуларини шакллантириш борасида ташкил этилган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида йил давомида амалга оширилган чора-тадбирлар сарҳисоби ҳамда келгусидаги фаолият истиқболлари хусусида батафсил маълумот берди.

Тадбирда таъкидланганидек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида тизимли ишлар олиб бориш ҳарбий округлар қўмондонлари ва ҳарбий қисмлар командирлари, барча тоифадаги ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизмат каби ўзига хос вазифасига айланиб улгурди ҳамда Қуролли Кучлар таркибий тузилмалари, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда янги ишлар механизми яратилди.

– Бугунги кунга қадар 9 мингдан зиёд умумтаълим мактаби ҳарбий қисмларга бириктирилди, – дейди вазирликнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бошлиғи полковник Ҳасан Халилов. – Жумладан, умумтаълим мактабларида 6 074 та чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик синфи зарур жиҳозлар билан таъминланди. Полигонлардаги жанговар тайёргарлик машғулотлари ва тактик ўқувларига 30 575 дан ортиқ ёшлар жалб этилди. 

Профилактик ҳисобда турган ҳамда салбий иллатга мойил ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларнинг фарзандлари учун «Эр йигитнинг эр йигитга айтган гапи таъсирли бўлади» ғояси остида 500 дан ортиқ “ҳарбий қисмда бир кун” шиори остида ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни рўёбга чиқариш бўйича 940 та турли интеллектуал, спорт ва санъат тўгараклари ташкил этилиб, уларда 23 423 нафар ёшлар иштирок этмоқда. 

Шунингдек, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисм ва муассасаларга экскурсиялар, маънавий-маърифий тадбирлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, спорт мусобақалари, тарғибот акциялари ташкил этилди. Натижада республика бўйича ички ишлар органларида профилактик ҳисобида турган 45 956 нафар ёшдан 2020 йилнинг ўтган даврида 30 877 нафари (67 фоизи) профилактик ҳисобдан чиқарилишига эришилди.

Анжуманнинг савол-жавоблар қисмида энг долзарб масалалар ўртага ташланди. Якунда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

 

Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,

Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий

коммуникациялар департаменти