Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа вазирлари тўпланмоқда. ЗАЭС ҳимояга муҳтож...
10:38 / 2023-03-07

Россия-Украина

Хавфсизлик масаласи бўйича Мюнхен конференцияси раиси Кристоф Хойсген Ғарб Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши мавзусини жиддий муҳокама қилмоғи керак, деб ҳисоблайди.  Унинг сўзларидан “Welt” телеканали иқтибос келтирди: “Фақат Шимолий Анлантика альянси Киевга ишончли хавфсизлик кафолатини бериши мумкин. Москванинг кафолатига “ишониб бўлмайди”.

Хитой ҳукумати Украина атрофидаги зиддиятни мулоқот йўли билан ҳал қилиш, инқироз кескинлашишининг олдини олиш тарафдори, деб баёнот берди ХХР ТИВ раҳбари Цинь Ган.

- Украина масаласида муҳим нуқтага келинди: сиёсий ечим орқали тинчлик жараёнини тиклаш ёки оловга мой пуркаб, инқирозни кучайтириш, - деди хитойлик вазир. - Бу икки йўл ўртасида жиддий фарқ бор”.

Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат мудофаа вазирлари НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ва украиналик ҳамкорлар иштирокида Стокгольмда бугун бошланадиган икки кунлик норасмий учрашувда Украинани қўллаб-қувватлаш, хусусан снаряд етказиб бериш масаласи атрофлича муҳокама қилинади.

Киев ЕИга кирмоқчи бўлса, зарур мезонга амал қилиши керак. Бу ҳақда “Bild” газетасига интервьюсида Германия социал-демократик партияси ҳамраиси Ларс Клингбайл маълум қилди.

Мудофаа вазири Алексей Резник “LIGA” нашри мухбири билан суҳбатда Украинада умумий сафарбарлик режаси ҳали охирига етказилмади, деди.

“Сафарбарлик давом этмоқда. Номзодлар Қуролли кучлар Бош штаби талабига биноан кўрсатиляпти”, деди мулозим.

Франциянинг ғилдиракли биринчи “AMX-10 RC” русумли танклари партияси Украина томон йўлга тушди, дея хабар берди мамлакат Қуролли кучлари ҳузуридаги қурол-аслаҳа бўйича бош дирекция раҳбари Эммануэль Шива. У “BFM Business” телеканали мухбирининг танклар сони тўғрисидаги саволини жавобсиз қолдирди.

Болгария икки йил давомида Киевга бошқа мамлакатлар орқали умумий миқдорда бир миллиард доллардан зиёд қийматга эга қурол-аслаҳа етказиб берган. Бу ҳақда “EURActiv” портали ёзди.

АҚШ маъмуриятида Украинанинг Қримни қайтариб олиш режасини тўлиқ қўллаб-қувватлаш истаги йўқ, дейилади “The Hill” газетаси бош мақоласида. Нашр қайд этишича, Оқ уй масъулларининг Қрим масаласига ёндашувида ҳануз “ноаниқлик сақланиб қолмоқда”. Аввалроқ Вашингтон Киевга ғалаба учун қанча зарур бўлса, шунча ёрдамни аямаймиз”, дея баёнот берган эди.

Запорожье АЭСдаги вазият ҳудудда хавфсизлик зонаси ташкил этиш жуда зарур эканини кўрсатмоқда, деди МАГАТЭ Бош директори Рафаэль Гросси. Унинг таъкидлашича, “ҳарбий амалиёт ва ЗАЭСдаги оғир иш шароити станциянинг ядро хавфсизлигини таҳдид остида қолдирмоқда”.

Аброр ХОН,

ЎзА