Мудофаа вазири ўринбосари Назарбой отанинг уйига борди
Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев Шимоли-ғарбий ҳарбий округига хизмат сафари давомида Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Назарбой ота Тожибоев хонадонида меҳмон бўлиб, нуроний ҳолидан хабар олди.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан
Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев Шимоли-ғарбий ҳарбий округига хизмат сафари давомида Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Назарбой ота Тожибоев хонадонида меҳмон бўлиб, нуроний ҳолидан хабар олди.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизматининг ЎзАга маълум қилишича, Назарбой отадан олдин урушга унинг катта акаси Сапарниёз боради. У Сталинграддаги аёвсиз жангларда қатнашади. Ўша жангларда фашистларнинг қўмондони генерал Паулюс қўлга олинади. Эсингизда бўлса, киноларда кўрсатилган жанглардан бирида универмаг биносидан қўлларини кўтарганча “енгилмас” деб тан олинган генерални совет иттифоқи аскарлари қувиб чиқаришади. Ҳа, бу ўша генерал Паулюс, энг дахшатли фашист қўмондонини қўлга олиш жараёни эди. Кейинчалик Сапарниёз ота Ленинград мудофааси жангларида иштирок этаётган вақтда оғир тан жароҳати олиб, 1944 йилда урушдан қайтади.
Назарбой Тожибоевнинг отаси Исмоил Тожибоев ҳам Иккинчи жаҳон урушида жанггоҳларда фашизмга қарши мардонавор курашади. Аммо ғалаба кунини унга насиб этмайди. Исмоил ота 1944 йилда уйига Орол денгизи орқали кемада келаётиб жон беради. Яқин қариндошлари билан охирги марта кўришиши учун унга атиги бир неча соат вақт етмайди...
1942 йилнинг 22 июнь куни Назарбой Тожибоев фронтга отланади. У қуруқликдаги қўшинлар полки таркибида Ржев яқинидаги Бряншинада бўлиб ўтган жангларда душман билан мардонавор курашади. Отахон жангларда бир неча бор яраланади, аммо уйига эсон-омон қайтади.
Отахон урушдан қайтгач, 1951 йилда Нукус педагогига институтининг рус тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. 1956 йилдан 1992 йилгача “Қорақалпоғистон” ва “Билим” нашриётларида фаолият олиб борди. Шу давр ичида турмуш ўртоғи Базар ая Саимбетова билан 10 нафар болани эл корига ярайдиган инсонлар этиб тарбиялашди.
Мамлакатимизда обрў-эътибор топган Назарбой ота Қорақалпоғистон нашриётларидаги 40 йиллик меҳнат фаолияти давомида юзлаб китобларни таржима ва таҳрир қилган. Ўз ҳаётини илм-фан ва маърифатга бағишлаган устоз уруш йилларидаги хотираларини ҳам кўплаб босма нашрларда чоп этган. Назарбой отанинг уруш йилларида кўрсатган қаҳрамонлиги бугун ҳам газета ва журналларда ёртиб келинмоқда.
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи, сенатор Шароф Уснатдинов, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва аскарларнинг ташрифидан отахон кўнгли кўтарилди.
Меҳмонлар билан суҳбатда отахон қўлини дуога очиб, “Ҳеч вақт уруш кўрманглар, уруш бўлмасин...” дея бир неча бор такрорлади. Дарвоқе, урушни кўрган инсонлар тинчликнинг ҳар лаҳзасини ўзгача ҳис этади, қадрига етади...
Яқинлашиб келаётган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги байрами арафасида Мудофаа вазирлиги раҳбарияти ва ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Назарбой отага қимматбаҳо совғалар топширилиб, уруш қатнашчисига диққат-эътибор билан қараб келаётган оила аъзоларига раҳмат айтилди. Бугунги тинчлик ва осойишталигимиз учун урушда фашизмга қарши курашган отахонга миннатдорлик билдирилди.
Назарбой ота Тожибоев истиқомат қилаётган маҳаллада Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан куйланган Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги қўшиқлар маҳалла аҳлига ҳам байрам шукуҳини ҳадя этди.