ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар сирасида ҳарбий хизматга жалб этилаётган ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини юксалтириш, улар қалбида ватанпарварлик туйғусини янада мустаҳкамлаш масаласи ҳам устуворлик касб этмоқда.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайробод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматчилар билан ташкил этилган учрашув замирида ҳам шу мақсад мужассам.
«Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир» шиори остида ўтказилган тадбирда аскарларга юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳияти яна бир бор чуқур англатилди. Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов жисмонан бақувват, ақлан ва маънан камолга етган ёшлар тараққиётнинг муҳим таянчи ва ишончли келажаги эканига урғу берар экан, ҳарбий хизмат фақатгина мажбурият эмас, балки улуғвор бурч, катта масъулият эканини алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, юрт ҳимоясига бел боғлаган йигитлар Ватан, халқ, тинчлик каби муқаддас тушунчаларни мадҳ этувчи шеърлар, термалар ва достонлар ижро этишди. Ёшларнинг бу каби ижодий чиқишлари тадбирга юқори кўтаринкилик, самимий кайфият бахш этди.
Ўзига хос чиқишлардан мамнун бўлган мудофаа вазири бир қатор ёшларни эсдалик нишонлари билан тақдирлар экан, ижодкорлик ва юксак маънавият ҳарбий хизматда ҳам, ҳаётда ҳам руҳий таянч бўлиб хизмат қилишини айтиб ўтди.
[gallery-23390]
– Ҳарбий қисмга келгач, Сурхон воҳасининг миллий этномаданиятига бўлган қизиқишим кучайди. Ҳозирда дўмбира ва чанқовуз чалишни ўрганяпман. Бугун мудофаа вазири ва меҳмонларга дўмбира чертиб, терма айтиб бердим, – дейди Фарғона вилояти Данғара туманидан муддатли ҳарбий хизматга келган оддий аскар Жалолиддин Мамасолиев.
Мулоқот давомида ёш ҳарбийлар мудофаа вазиридан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА фотомухбири