English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа тизимида ҳам аёллар фаол
10:10 / 2023-03-04

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда иштирокини мустаҳкамлаш, муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб беришга устувор аҳамият қаратиб келинади.

Шунингдек, хотин-қизларимизнинг истеъдоди, қобилияти ва салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугун ўзбек аёллари нафақат оилада, балки давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида, шу жумладан ҳарбий ва мудофаа тизимида ҳам фаол иштирок этиб келаётир.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳарбий хизматчи аёлларнинг ўрни» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.  

Тадбирни кириш сўзи билан очган қўмита раиси Эркин Солиҳов юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида тўхталиб ўтди.  

[gallery-10816]

Шунингдек, қўмита аъзоси Тўлқин Каримов юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани, мамлакатимизнинг мудофаа тизимида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг улуши ҳам ошиб бораётганини таъкидлади.  

Машаққатли соҳа бўлишига қарамай, ҳарбийлар орасида хотин-қизларнинг фаолият олиб бораётгани, эркаклар билан ёнма-ён эл-юрт хизматида шай туриши уларнинг матонати ва шижоатидан, ватанпарварлигидан дарак беради.

Давра суҳбатида иштирок этган ҳарбий хизматчи аёллар ҳам сўз олиб, соҳа вакилларига яратилаётган кенг имкониятлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Депутатлар матонатли ҳарбий аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.  

Тадбирдан сўнг ҳарбий хизматчи аёллар Қонунчилик палатасининг музейи ва кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

 

М.Комилова,  

ЎзА