Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мудофаа ишлари бошқармаси янги бинода
18:39 / 2024-05-10

Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш, халқимизда армияга бўлган юксак ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Мудофаа ишлари бошқармаси ҳар бир ўспирин йигит учун армиянинг остонаси, ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантирадиган маскан бўлиб қолишини тилади. Шу билан бирга янги бино эндиликда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш, энг сара қорақалпоғистонлик ёшларни армия сафларига тайёрлашда кўмаклашиш, халқимиз ва армиямиз ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини ўташига ишонч билдирди. 

[gallery-17370]

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг тарзда замонавий ва кўркам кўринишда барпо этилган Мудофаа ишлари бошқармасининг янги биноси эндиликда Оролбўйи халқига хизмат қилишини таъкидлади. Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий-маъмурий сектори кўмаги билан Мудофаа вазирлиги объектларини қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишларини олиб боришда катта амалий ёрдам бераётган Қорақалпоғистон Республикаси раҳбариятига ўзининг миннатдорлигини билдирди. 

Замонавий дизайн асосида қурилган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга бўлган ушбу бинода навбатчиликни ўташ учун хона, бошқарув пункти, архив, жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилиш учун махсус жой, чақирилувчилар ва ҳисобда турувчилар ҳақида электрон маълумотлар базасини юритиш хонаси ҳамда 30 та хизмат хонаси мебель, компьютер жамланмалари ва бошқа зарур буюмлар билан тўлиқ жиҳозланди. 

Армиянинг жанговар қудрати, салоҳияти, буюк аждодларимизнинг жасоратидан сўзловчи кўргазмали воситалар билан безатилган бинонинг ички деворлари бу ерга келадиган ёшларга Қуролли Кучларимиз ҳақида кенгроқ билимга эга бўлишни таъминлайди. Олий ҳарбий таълим муассасалари ва “Темурбеклар мактаб”лари ҳақида батафсил маълумотларни етказади. 

Бинонинг очилиш маросимида рамзий лента кесилганидан кейин тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди. 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари