Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган 300 нафарга яқин қорақалпоғистонлик ёшлар уйига қайтди
19:55 / 2023-04-01

Ватан олдидаги муқаддас бурчини бажариб, уйларига ёруғ юз билан қайтаётган 300 нафарга яқин қорақалпоғистонлик ёшлар “Нукус” темир йўл вокзалида тантана билан кутиб олинди.

Улар Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, захирага бўшатилган.  

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.  

Мардлар сафини тарк этган йигитларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўмондонлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Қуролли Кучлар фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналар қарши олди.  

Эгниларида ҳарбий либоси ярашган норғул ўғлонлар вагонлардан мардона чиқар экан, уларни кутиб олаётганлар бир йил олдинги ўспиринлар бугун анча улғайиб, куч қувватга тўлганини эътироф этишди. Ўз она юртининг тинчлиги, халқининг осойишталигини химоя қилиш ҳақиқий мардларнинг иши эканлиги таъкидланди.  

Кўзларида қувонч ёши билан болаларини бағрига босаётган ота-оналар, шу азиз заминнинг фарзанди бўла туриб, зиммасига юклатилган масъулиятни шараф билан адо этиб келган мағрур ўғлонларнинг бахтиёр чехралари, уларни кузатиб турган оломоннинг қувончи атрофни байрам кайфияти билан чўлғаб олди.  

[gallery-11241]

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри ижросидаги ҳарбийча куй ва наволар эндигина хизматдан қайтаётган йигитлар хаёлига армия сафларида ўтган қувончли кунларни, ҳаётга тоблаган машаққатли машғулотларни, бирга елкама-елка сафда турган сафдошларни, панду-насиҳати билан устозга айланиб қолган командир ва бошлиқларни ёдга солган бўлса, ажаб эмас.  

Таъкидлаш жоизки, бу йил муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган 28 нафар қорақалпоғистонлик йигит ҳаётини Ватан ҳимоясига бағишлаб, контракт бўйича ҳарбий хизматни давом эттириш истагини билдиргани, ёшлар ўртасида ҳарбийлик касбига бўлган қизиқиш ортишидан далолат беради.  

Қувончли кунлар Нукус шаҳридаги 22-кичик даҳанинг Гузар маҳалласида ҳам рўй берди. Шу куни Қуват ака Назаримбетов ва Гулайим ая Мавленбергенованинг катта фарзанди Отабек Матчанов ҳам муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, уйига ёруғ юз билан қайтди.  

Мудофаа вазирлигига қарашли Андижон гарнизонидаги ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаган Отабек намунали хулқи, аскарлик даврида эришган ютуқлари туфайли ҳарбий қисм қўмондонлигининг эътирофига сазовор бўлиб, сафдошларига ўрнак бўлиб келган.  

Ҳарбий либос кийишга бўлган болалик орзуси, ҳарбий қисмда ўз касбининг устаси бўлган етук офицерларнинг шахсий намунаси муддатли ҳарбий хизматга кетган Отабек қалбида янги мақсад уйғотди. Эндиликда, армия сафларидан қайтган йигит ҳаётини ҳарбий соҳа билан чамбарчас боғлаб, келгусида офицер бўлиш ниятини амалга оширмоқчи. Бунинг учун Отабек бу йилдан қолмай Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга киришмоқчи. Албатта, ҳаёт мактабини ўтаган, дунёқараши кенгайиб, қатъиятли бўлиб келган Отабек олдига қўйган мақсадига эришиб, келгусида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровон ҳаёти учун фидойи инсон бўлиб етишишига тилакдошмиз.  

Уйга ёруғ юз билан қайтиб келган аскарни ота-онаси, яқинлари ва қўни-қўшнилари катта шараф билан қарши олиб, юртимиз ҳимоячиси келди дея эътироф этишди.  

ЎзА