Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан кимлар озод этилади?
18:53 / 2022-03-03

Жорий йилнинг 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ мудофаа ишлари бошқармаларининг чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда ҳарбий қисмларда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш бўйича тадбирлар бошланди.

3 март куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида мазкур йўналишда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалалари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда мудофаа вазирининг матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, полковник Отабек Йўлдошев, Мудофаа вазирлиги бошқармаси бошлиғи, подполковник Улуғбек Қодиров, Мудофаа вазирлиги марказий ҳарбий тиббий комиссияси бошлиғи, тиббий хизмат полковниги Нажмиддин Саидқулов, Мудофаа вазирлиги бош бошқармасининг бўлим бошлиғи, Зоҳиджон Исоқов спикер сифатида республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг чақирув масалалари бўйича саволларига жавоб бердилар.

Фуқароларнинг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш борасида кўрилган чора-тадбирлар Қуролли Кучларни чақирилувчилар билан тўлдиришни сифат жиҳатидан яхшилаш имконини бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тизими жорий этилган эди. Чақирув тадбирларини ўтказиш масъулияти ҳарбий округ қўшинлари қўмондонларига юклатилди. Ёшларни муддатли ҳарбий хизматга саралаб олиш, ҳарбий командаларга тайинлаш тадбирлари Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари вакилларидан иборат Бутлаш комиссиялари ҳамда Раҳбарият кенгашларига, шунингдек, тиббий кўрик ўтказилиши Қуролли Кучлардаги ҳарбий госпиталь ҳарбий шифокорларига топширилди.

Жорий йилнинг 15 февралидан жойларда чақирув тадбирлари, чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни ҳарбий қисмга жўнатиш учун командаларга тайинлаш ишлари бошланди. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғин пунктларида Раҳбарият кенгашлари, ҳарбий-тиббий комиссиялар, шунингдек, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари ҳузурида Қуролли Кучларни бутлаш ҳамда ҳудудий-тиббий комиссиялар иш фаолиятини олиб бормоқда.

Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ Қуролли Кучлар сафига навбатдаги муддатга чақирилмаган шахслар сафарбарлик чақируви резерви сафига олинади.

Чақирилувчиларнинг муддатли ҳарбий хизматга, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш туман (шаҳар) ҳудудий комиссиясининг қарори асосида уларнинг оилавий шароитига, саломатлигига кўра, ўқишни давом эттириши учун амалга оширилади.

Тинчлик даврида муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилишдан қуйидагилар озод этилади:

саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган чақирилувчилар;

яқин қариндошларидан бири (ака-укаси, опа-синглиси) ҳарбий хизматни ўташ вақтида ҳалок бўлган ёки вафот этган чақирилувчилар, аммо улар ўз розиликлари билан ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкин;

рўйхатдан ўтган диний ташкилотлардан бирида диний рутба эгаси бўлган чақирилувчилар.

Жорий йилнинг март-апрель ойларида Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматчиларни юбориш, муддатли ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлганларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш ишлари ўтказилади. Чақирув ёшидаги фуқаролар Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги Қоровул ва халқаро аеропортларни қўриқлаш қўшинлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар ва Мудофаа вазирликлари қўшинларига муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун юборилади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги ҳарбий-техника мутахассисликлари тайёрлаш марказларида 9 та мутахассислик бўйича ўқиш жараёни бошланади. Шунга мувофиқ, жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари томонидан ҳарбий-техника мутахассислиги бўйича ўқиш истагида бўлган ёшларни саралаб олиш ишлари ўтказилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, олиб борилаётган мазкур ишлар орқали Қуролли Кучларни муддатли ҳарбий хизматчилар билан сифатли бутлашга, муддатли ҳарбий хизматга чақириш ишларининг шаффофлигини таъминлашга ва ташкил этилаётган Раҳбарият кенгаши ва қўшинларни бутлаш бўйича комиссия фаолиятига нисбатан ишончга, энг асосийси, чақирилувчи ва уларнинг ота-оналарида ижтимоий адолат мавжудлигига эришилмоқда.

ЎзА