Муддатини ўтаган энг эски уй 1934 йилда қурилган
Шунингдек, уйлар жойлашуви жиҳатидан ҳам энг катта қисми республикамизнинг энг чекка ҳудудларига тўғри келади.
Мамлакатимиз ҳудудларида кўп квартирали уйлар бўйича мавжуд мониторинг маълумотларига ҳамда визуал кузатиш натижаларига кўра, авария белгилари (аломатлари) мавжуд 455 кўп квартирали уй рўйхати тузилган.
Ушбу уйлар тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан инструментал текширилганда, уларнинг 263 тасини таъмирлаш ва 192 тасини бузиш лозимлиги тўғрисидаги хулосалар тақдим этилган.
Аввал хабар берганимиздек, АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мазкур ҳолатлар юзасидан янги ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Республика ҳудудларида эскириб қолган уй-жой фондини таъмирлаш ва янгилаш чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида белгиланган вазифалар бўйича айтиб ўтилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарорнинг асосий мақсади эскирган ва авария ҳолатидаги кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш, уларнинг яшаш шароитини яхшилаш ҳамда яшашга яроқсиз уйлар ўрнига эса янги уйларни барпо этишдан иборат. Бунда ҳалигача авария ҳолатидаги кўп квартирали уйларда яшаётган фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.
Мазкур уйларнинг барчаси ваколатли лойиҳа ташкилотлари томонидан инструментал текширувдан ўтказилган бўлиб, уларни таъмирлаш орқали фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилган ва хулосалар тақдим этилган.
Ҳудудларда жойлашган энг эски уй 1934 йилда қурилган бўлиб, фойдаланиш ва яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Қолган уйларнинг энг катта қисми ҳам ўтган асрнинг 40-50 йиллар оралиғида қурилган бўлиб, уларнинг деярли 80 фоизи икки қаватли уйлардан ташкил топган. Шунингдек, уйлар жойлашуви жиҳатидан ҳам энг катта қисми республикамизнинг энг чекка ҳудудларига тўғри келади.