ИИО ходими 10 000 АҚШ долларини рад этди
Чўққига интилган одам бир куни албатта, уни забт этишига ишонган Олимжон ниҳоят, 2005 йилда ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилинди.
Бундан 15 йил муқаддам Самарқанд шаҳридаги Талабалар хиёбонида бир неча йил олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун ҳужжат топшириб, омади келмаган ўспирин қўлтиғига китоб қистириб олган талабаларга ҳавас билан боқарди. Севимли фанлари бўлган адабиёт, тарих ва она тили бўйича ўзидаги билимга ишонса-да, «қандай болалар ўқишга кирар экан-а», деган савол унга тинчлик бермасди.
Чўққига интилган одам бир куни албатта, уни забт этишига ишонган Олимжон ниҳоят, 2005 йилда ИИВ Академиясига ўқишга қабул қилинди. Таҳсил жараёнида ўқишга кириб олдимку, қабилидаги хотиржамликка берилмади. Дарсларни қунт ва иштиёқ билан ўзлаштирди. Бу ўз навбатида, унинг Ўзбекистон тарихи фанидан республика миқёсидаги фан олимпиадасида муваффақиятли қатнашишига асос бўлди.
Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Сартовул қишлоғида туғилиб ўсган Олимжон Жўраев ИИВ Академиясини тамомлаганидан сўнг Пайариқ тумани ИИБ «Ҳартанг» қўрғон милиция бўлинмаси ЖҚ ва УЖҚКГ тезкор вакили лавозимида хизмат фаолиятини бошлади. Кейинчалик пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакили, катта тезкор вакили лавозимларида самарали фаолият юритди.
Олимжон Жўраев хизматни бошлаган дастлабки йиллардаёқ жиноятчиликнинг олдини олиш ва фош этишда кўрсатган жонбозлиги туфайли ҳамкасблари ҳурматига сазовор бўлди. Мана бир мисол: Пайариқ туманининг Халқобод қишлоғида яшовчи фуқаро уйида ноқонуний тарзда ов қуролини сақлаб келаётгани ҳақида хабар олингач, у фуқарога бу ҳолат қонунчиликка хилоф эканлигини, жиноий хатти-ҳаракатга жазо муқаррарлигини, агар қуролни топширса, бир қанча енгилликлар берилишини ётиғи билан тушунтирди. Ёш осойишталик посбонининг айтган гаплари, келтирган ҳаётий мисоллари бесамар кетмади. Фуқаро тўғри қарор қабул қилди: уйида сақлаб келаётган бир эмас, иккита ов қуролини ички ишлар органига топширди.
Ҳар бир ходимнинг касбий маҳорати ошишида, қўлга киритажак ютуқларида устоз-мураббийларнинг меҳнати акс этади. Бугунги кунда пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ИИОФМБ 2-ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимида хизмат қилаётган подполковник Олимжон Жўраев ҳам устозлари – истеъфодаги подполковник Асад Жўраев ҳамда Чилонзор тумани ИИОФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Равшан Қодировдан касб сир-асрорларини ўрганди. Жиноятларни фош этишда калаванинг учини йўқотиб қўйган вақтларида уларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига таяниб иш кўрди.
Шу йилнинг 27 январь куни 2-сонли ИИБ навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, бир фуқаро гиёҳвандлик моддасини сақлашда гумон қилиниб, Олимжон Жўраев раҳбарлигида жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда қаҳрамонимиз шундай дейди:
– Холислар иштирокида гумонланувчи фуқаро А.Э.нинг ёнини кўздан кечирганимизда, тўқ кўк рангли, ўткир ҳидли модда борлиги аниқланди. Кейинчалик бу марихуана гиёҳвандлик моддаси эканлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳужжатларини расмийлаштираётганимда, фуқаро ишни енгиллаштиришни сўраб, 10 000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилди. Мен унга пора бериш ҳам, олиш ҳам жиноят эканлигини айтдим. Такроран пора таклиф қилгач, мазкур ҳолат юзасидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат этдим. Шундан кейин у махсус тезкор тадбир пайтида 10 000 доллар миқдоридаги пулни менга бераётган вақтда ашёвий далил билан қўлга олинди...
Ҳалоллик ва касбга садоқатнинг юксак намунасини кўрсатиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлган Олимжон Жўраевга муддатидан олдин «подполковник» махсус унвони ва пул мукофоти берилди.
Ҳамкасбларининг эътироф этишича, бадиий адабиётлар, айниқса, тарихий асарларни мутолаа қилишни севадиган қаҳрамонимиз ҳар ой маош олганида битта бадиий китоб харид қилишни анъанага айлантирган экан.
– Китоб ўқишнинг фойдасини белгиловчи меъёр бўлмаса керак, – дейди подполковник О.Жўраев. – Айниқса, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил шахслар, жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумлар ҳаётининг яхши томонга ўзгаришида китоб энг қулай тарбия воситаси, деб ўйлайман. Ички ишлар органлари ходимларининг билим савиясини юксалтириш, улар ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш, соғлом рақобатнинг шаклланишида ҳам китоб беминнат кўмакчидир.
Инсон илк таълим-тарбияни оилада олади. Отаси Толибжон ака ва онаси Назокат опадан ҳаётда виждон амрига қулоқ тутиб, ҳалол яшаш сабоғини олган Олимжон бугун ўз оиласида ҳам ана шундай тарбиявий муҳитни йўлга қўйган.
Шерзод АБДУСАМАДОВ