English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда
19:39 / 2023-07-04

Наманган вилоятида ҳам муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда. Янги Наманган туманидаги 63-сонли умумтаълим мактабида жойлашган 98-сайлов участкасида бугунги кунга қадар рўйхатга олинган 1 минг 854 сайловчидан 21 нафари овоз беришда иштирок этди.

Участка сайлов комиссияси раиси Иқбола Турғунованинг қайд этишича, фуқароларнинг сиёсий иродасини намойиш этиши учун муносиб шароитларни ҳозирлашди.

– Хорижий давлатда меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келаман. Президент сайлови куни ўзим истиқомат қилаётган манзилда бўлмаслигим, Польша давлатига жўнаб кетишим сабабли фуқаролик паспортим билан 98-сайлов участкасига келиб муддатидан олдин овоз бердим, – дейди Келажак тонги маҳалласидан сайловчи Алихон Мўйдинов. – Оммавий ахборот воситалари орқали Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиққан эдим. Ватанимизнинг эртанги кунига бефарқ қарамайман. Сайловларда мунтазам равишда иштирок этаман. Янги Ўзбекистонга дахлдорлик ҳиссини туйган ҳолда ўзим муносиб деб билган, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган номзод учун овоз бердим.  

Президент сайловини ўтказувчи 6-Наманган округ сайлов комиссияси матбуот марказининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, Янги Наманган тумани ҳудудида 39  сайлов участкаси бўлиб, уларнинг 27 таси умумтаълим мактабларида жойлашган. Туман миқёсида 81 мингдан ортиқ сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар рўйхатга олинган бўлиб, 4 июль ҳолатига мингга яқин киши муддатидан илгари овоз бериш жараёнларида иштирок этган.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.