Президентимиз келаётган Рамазон ойи муносабати билан деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш юзасидан тегишли топшириқлар берган эди.
Сурхондарё вилоятида мазкур вазифалар ижросини таъминлаш учун 15 та деҳқон (озиқ-овқат) бозори ва савдо мажмуасида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди.




Саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган муқаддас ойда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилган ярмаркада барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозордагига нисбатан арзон нархларда таклиф этилмоқда. Жумладан, Ангор марказий деҳқон (озиқ-овқат) бозорида иш бошлаган ярмаркада маҳаллий гуруч 8-15 минг сўмдан, мол гўшти 80, қўй гўшти 88 минг, тухумнинг донаси минг сўм, олма 12 минг сўмдан савдога чиқарилмоқда. Шунингдек, Термиз шаҳри ва бошқа туманларда фаолият юритаётган ярмаркаларда ҳам кунлик савдога чиқарилаётган асосий турдаги маҳсулотлар нархи ва сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳоким ва бошқа мутасаддилар қатъий назорат қилмоқда.


Вилоятдаги арзонлашган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси аҳолига фазилатли ой якунигача хизмат кўрсатади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири