English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муборак иссиқлик электр марказига пресс-тур уюштирилди
16:30 / 2024-06-21

Қашқадарё вилояти Муборак туманида жойлашган Муборак иссиқлик электр марказига ташкил этилган пресс-турда иштирок этар эканман, мана шундай шароитда куну тун меҳнат қилаётган ишчиларнинг матонати ҳақида ўйладим.

Масалан, марказ ишчиларидан бири Ҳусан Эгамбердиевнинг шу ерда ишлаётганига 30 йилдан ошган. Лекин у қийинчиликларни менсимайди, балки меҳнати ортидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган иссиқлик ва электр энергияси уларнинг ҳаётига мазмун олиб кираётганидан фахр туяди.  

– Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам истеъмолчиларга иссиқлик энергияси ва электр энергияни етказиб беришдан чарчамаймиз, – дейди  электр цехи бошлиғи Ҳусан Эгамбердиев. – Шу даргоҳда 34 йилдан буён меҳнат қиламан. Ишимиз оғир бўлса-да, шароитларимиз кўнгилдагедек.  

Муборак иссиқлик электр маркази саноат корхоналари ҳамда аҳолини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга корхоналардан бири саналади. Электр маркази ўтган асрнинг 80 йилларида ишга туширилган бўлиб, ҳозирги кунда 3 та қозон қурилмаси ва 2 та турбогенератор қурилмаси ишлаяпти. Марказнинг электр энергияси ўрнатилган қуввати 60 МВт, иссиқлик энергияси ўрнатилган қуввати эса 376 Гкални ташкил этади. Корхона томонидан йилига 250 миллион кВт.соат электр, 1,3 миллион Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади.  

Пресс-тур аввалида ОАВ вакиллари иссиқ об-ҳаво шароитида ҳам аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш учун амалга оширилаётган ишлар, 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди.  

– Асосий фаолиятимиз республикамиз иқтисодиётида муҳим ўринга эга бўлган Муборак газни қайта ишлаш заводига иссиқлик ва электр энергиясини узлуксиз етказиб беришдир, – дейди марказ раҳбари Комил Хайруллаев. – Бугунги кунда ушбу вазифани бажариш учун марказимизда куну тун ишлар ташкил қилинган. Ҳаво жазирама бўлишига қарамасдан барча ходимларимиз масъулиятни тўғри ҳис қилиб, ишларини олиб боришмоқда. Ишчи ходимлар учун барча шарт-шароит яратилган. Келгусида ҳам мақсадларимиз катта. Хусусан, марказда тежамкор ускуналарни жорий қилиш бўйича ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда. Яқин келажакда ўша ускуналарни ўрнатиш эвазига ишлаб чиқариш қувватини икки баравар оширишни режа қиляпмиз.  

Шунингдек, тадбир иштирокчилари станциянинг 1-сонли турбогенераторида амалга оширилаётган кенгайтирилган жорий таъмирлаш ишлари, электр энергиясини истеъмолчиларга узатишда муҳим ҳисобланган 220 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш қурилмалари ва энергоқурилмаларни бошқариш пультида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатишди.

[gallery-17938]

Кейинги манзил корхонада бунёд этилган Қуёш фотоэлектр станцияси бўлди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори ижроси доирасида қурилган, қуввати 1,2 МВт тенг бўлган қуёшфото электр станцияси бугунги кунда самарали ишлаб келмоқда.

Қайд этиш ўринлики, “яшил” станция электр марказининг ўз эҳтиёжлари учун сарфланаётган электр энергиясини тежаш имконини бермоқда. Бир гектар ер майдонида барпо қилинган қуёш станцияси фойдаланишга топширилиши натижасида марказда йилига қўшимча 2,7 миллион кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг эвазига йилига 500 минг куб метр табиий газ иқтисод қилинишига эришилмоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари