Муайтай бўйича мамлакат биринчилиги ўтказилди
Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида муайтай бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Унда профессионал жангчилар ўртасида 5 вазнда мусобақа ташкил этилди.
Мусобақанинг 67 кг вазн тоифасида Мухлис Ғанижонов (Тошкент) ва Жаҳонгир Содиқов (Самарқанд) ўзаро баҳс олиб борди. Унда Мухлис рақибини мағлуб этган бўлса, вазни 54 кг бўлган муайтайчилар беллашувида Зубайр Ҳусанов (Тошкент) кутилмаганда Ҳасан Саломовга имкониятни бой бериб қўйди.
Шунингдек, ўз вазн тоифаларида Шоира Абдухолиқова (Андижон), Ҳумоюн Пўлатов (Самарқанд) ва Шахрамхон Ҳасанхонов (Самарқанд) каби спортчилар ғалаба қозонди.
Ўзбекистон чемпионатида бир қатор иқтидорли муайтайчилар шоҳсупага кўтарилди. Энди улар орасидан иқтидорлилари сараланиб, ўз ёш тоифаларида терма жамоамиз сафида Осиё ва жаҳон чемпионатлари ҳамда халқаро нуфузли мусобақаларда иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА