Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Драматургия кенгаши фаолиятига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни кенгаш раиси, таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев олиб борди.
Таъкидланганидек, ижодкорларнинг драматургия сохасида самарали изланиш олиб бориши учун мамлакатимизда етарлича шароит ва имкониятлар яратилган. Кенгаш аъзолари ўтган йил давомида муаллифлар тарафидан тақдим этилган пьесаларни ўқиб, тақризлар тақдим этди. Ёш драматургларга қўлёзмалари юзасидан тегишли маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилди. Театр ва кино соҳасидаги ижодий тадбирлар, янги спектакль ва фильмларнинг жамоатчилик кўриги ва муҳокамаларида фаол иштирок этилди.
Телеканалларнинг адабий-бадиий кўрсатувларида, саҳна асарлари таҳлилларида фаол иштирок этишди. Йилнинг иккинчи ярмида таниқли драматурглар Жўра Маҳмуднинг болалар учун мўлжалланган “Мўъжизалар олами” пьесалар ва Қилич Абдунабиевнинг туркум драматик асарлари тўплами муҳокамадан ўтказилиб, нашрга тавсия этилди.
Кенгаш аъзолари ва мутахассислар Зомин семинарида драматургия йўналишида иштирок этган ёшларнинг қўлёзмалари билан танишди. Улар билан ижодий суҳбат ва маҳорат дарслари ўтказилди. Шунингдек, кенгаш фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий-ижодий ишлар ҳақида гапирилди.
– Бугунги ижтимоий муаммоларни очиб берадиган саҳна, экран асарларининг барибир тақчиллиги яққол кўзга ташланмоқда, – деди Санъантшунослик институти илмий ходими, докторант Шоҳруҳ Абдурасулов. – Драматик асарлар танловининг эълон қилиниши бу борадаги яхши асарларни саралаб олинишига имкон беради. Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш долзарбдир. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди томонидан “Ўзбек драматургияси уфқлари” тўплами нашр этилди. Унда устоз драматурглар билан бирга ёшлар ижодига ҳам кенг ўрин берилгани эътиборлидир.
Телевидение, театр, кино йўналишларида мутахассисларнинг батафсил сарҳисоб маърузалари тингланди. Ҳисобот йиғилиши якунида Драматургия кенгашининг 2022 йилги фаолиятига оид режалар муҳокама қилинди. Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан кенгашнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА