Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур тавсиялар берилди
10:29 / 2025-05-30

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Боёвут туманидаги чиқинди полигонининг ҳолатини ўрганди. Ушбу полигонга Сирдарё вилоятининг Боёвут ва Ширин шаҳарларидан чиқадиган маиший чиқиндилар ташланади.

Ўрганиш давомида объектнинг бир қатор жиддий камчиликлари аниқланди. Аввало, полигон ҳали тўлиқ қуриб битказилмаган бўлса-да, чиқинди қабул қилиш бошланган. Техник ва санитария ҳолати талабга жавоб бермайди. Полигонда чиқиндилар оғирлигини ўлчаш учун тарози мавжуд эмас. Бу эса чиқинди миқдорини назорат қилишни ва статистик ҳисобни юритишни имконсиз қилади.

Шунингдек, полигон ҳудудига кириб-чиқадиган махсус техника учун ювиш майдончалари ташкил этилмаган, бу эса атроф-муҳитга зарар етказиш хавфини оширади. Энг хавотирли жиҳатлардан бири, полигон атрофидаги сим тўсиқларнинг паст ўрнатилганидир. Бу ҳолат, айниқса, кучли шамолли об-ҳавода селофан пакетлар ва енгил чиқиндиларнинг ҳавога кўтарилиб, яқин атрофдаги далалар ва табиатга тарқалишига олиб келмоқда. Аҳоли, айниқса, полигон яқинида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари бу ҳолатдан жиддий норозилик билдирган.

Полигон дарвозаси ёпиқ бўлган пайтларда чиқиндилар далаларга ёки йўл четларига ташлаб кетилаётгани ҳам аниқланди. Бу эса минтақадаги чиқиндиларни бошқариш тизимида назорат етишмовчилиги ва ташкилий муаммолар мавжудлигини билдиради.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари А.Ҳамзаев ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга зарур тавсияларни бериб ўтди.

Хусусан, чиқиндилар учун тарози ўрнатиш, техникаларни ювиш учун махсус майдон ташкил этиш, сим тўсиқларни белгиланган экологик ва санитария меъёрларига мос ҳолда қайта ўрнатиш ва чиқиндиларни ташиш ва қабул қилишни тартибга солиш бўйича зудлик билан амалий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.

*         *         *

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра ҳудудларда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган. Шунга кўра, Ўзбекистон Экологик партияси Жиззах вилояти партия ташкилоти томонидан Зомин миллий табиат боғида экологик акция ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулчеҳра Тожибоева, Жиззах вилояти ва туман (шаҳар) партия ташкилоти ходимлари, экологлар, Зомин миллий табиат боғи, Ўрмон хўжалиги ходимлари, Экопрокуратура ва волонтёрлар иштирок этди.

“Чиқиндисиз табиат” шиори остида ташкил этилган “Плоггинг” марафони ва “Пикник маданияти” акцияси Зомин миллий табиат боғининг 3 та ҳудудида ташкил этилган пикник майдонларида бўлиб ўтди. Акциядан кўзланган асосий мақсад аҳолининг экологик маданиятини ошириш, она табиатни келажак авлодга ўз ҳолича етказиш борасидаги ишларни жадаллаштиришдан иборат.

Файёза Отабекова,

ЎзДЖТУ талабаси