Божхона органлари ва тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлигида ишлаб чиқариш тармоқлари кенгайиб, мамлакатнинг экспорт салмоғи ўсиб бормоқда. Бунда Божхона қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича ташкил этилаётган очиқ мулоқотлар соҳа ривожи учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов вилоят ҳудудидаги тадбиркорлар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан очиқ мулоқот учрашувини ўтказди.

Тадбирда божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари ва экспортни рағбатлантириш мақсадида амалиётга жорий этилган янгиликлар соҳа мутахассислари томонидан йиғилганларга батафсил тушунтирилди.
Хусусан, “Экспорт уч қадамда” тизими ва “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими самарадорлиги юзасидан тадбиркорларга муҳим тавсиялар берилди. Мавзу юзасидан уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Элликдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашган учрашувда соҳа юзасидан истиқболли лойиҳалар кенг муҳокама этилиб, уларнинг муаммолари тингланди. Амалий кўмак беришда аниқ йўналишлар белгилаб олинди.
Эътиборлиси, очиқ мулоқот жараёнида бир нечта иштирокчиларнинг божхона соҳасига оид муаммоларига шу ернинг ўзида ижобий ечим топилди.
Навбатдаги очиқ мулоқот вилоятнинг Ғиждувон туманида ташкил этилиши режалаштирилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.