English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммолар ривожланишга тўсиқ бўлади
16:09 / 2026-02-02

Паркент туманида Тошкент вилояти ҳокими раислигида чорвачилик соҳасидаги мавжуд муаммоларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ва туман ҳокимликлари мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси, Солиқ бошқармаси, бандлик ва камбағалликни қисқартириш соҳаси масъуллари, шунингдек, тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда ҳудуддаги 609 та чорвачилик хўжалиги фаолияти юзасидан ўтказилган чуқур таҳлил натижалари кўриб чиқилди. Таъкидланишича, сўнгги йиллар тизимли назорат ва талабчанлик йўқолиб, чорвачилик вилоятда энг орқага кетган йўналишлардан бирига айланган. 

Маълум бўлишича, мавжуд хўжаликларнинг 66 фоизи бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Яъни, маҳсулдор зотлар олиб келинмаган, замонавий технологиялар жорий этилмаган, илмий ёндашув ва хорижий тажриба ўрганилмаган. Айрим хўжаликлар 15–20 йил олдин ташкил этилган бўлса-да, қорамоллар сони 30–50 бошдан ошмаган. 

Йиғилишда ердан самарасиз фойдаланиш масаласи ҳам кескин танқид қилинди. Чорвачилик субъектларига катта ҳажмда сувли, лалми ва яйлов ерлар ажратилган бўлса ҳам ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим хўжаликларда умуман чорва моллари мавжуд эмас, бошқалари эса ветеринария ва санитария талабларига зид равишда қорамолларни хонадонларда парвариш қилмоқда. 

Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичларини яшириш, гўшт ва сут ҳажмларини ҳисоботларда акс эттирмаслик ҳолатлари кенг тарқалгани, бу эса яширин иқтисодиётга йўл очаётгани қайд этилди. Солиқ ва сув солиғи бўйича жами 23 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик мавжудлиги ҳам соҳадаги масъулиятсизликни яққол кўрсатмоқда. 

Вилоят ҳокими йиғилишда масъул раҳбарларнинг лоқайдлиги ва назоратнинг сустлигини қаттиқ танқид қилиб, ҳар бир туман кесимида аниқ вазифалар белгилаб берди. Хусусан, истиқболсиз ва фаолият юритмаётган хўжаликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, ортиқча ажратилган ерларни захирага қайтариш, шартномасиз сувдан фойдаланишга барҳам бериш, қарздорликларни қисқа муддатларда сўндириш ҳамда статистик ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш бўйича қатъий топшириқлари берилди. 

Якунда соҳани ислоҳ қилмасдан туриб озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мумкин эмаслиги, чорвачиликда интизом, ҳисоб-китоб ва масъулиятни кучайтириш эса кечиктириб бўлмас вазифа экани алоҳида таъкидланди. 

А.Мусаев, ЎзА.