Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Э.Аслонова ҳамда М.Баратованинг Бухоро вилоятига навбатдаги ўрганишлари Маҳалла уюшмаси туман бўлимидан бошланди.
Маълум бўлишича, туманда бугунги кунда ушбу ҳудудда 23 та маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларнинг 19 таси ўз биносига эга. Жорий йилда фойдаланишга топширилган 2 та янги бинода ҳам соҳа ходимлари учун барча шароитлар яратилган. Лекин, тумандаги “Беклар”, “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолият олиб бориши учун умумтаълим мактаби ҳамда қишлоқ врачлик пунктидан хоналар ажратилганлиги, ушбу маҳаллаларнинг талаб даражасида иш олиб боришлари имконини бермайди. Шунингдек, тумандаги “Ҳукуматобод” “Тунироқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари ҳам таъмирталаб, “Ўзбекистон” маҳалласида эса жамоат транспорти таъминоти қатновининг камлиги аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Парламент қуйи палатаси депутатлари шу куни “Геофизиклар қўрғони” маҳалласида бўлганларида аҳоли хонадонларига узатилаётган сув босими пастлиги ҳамда электр таъминоти талабга жавоб бермаётганлигига гувоҳ бўлди. Шунингдек, маҳаллада болаларнинг жисмоний тарбия билан шуғулланишлари учун спорт майдончасига эҳтиёж сезилмоқда.
Депутатлар Когон туманидаги ўрганишлар чоғида ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишдилар. “Тутикунда” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “KOGON METALL SAVDO SERVIS” МЧЖ металл маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 5 миллион доллар инвестиция эвазига иш бошлаган корхонада бугунги кунда 100 дан ортиқ аҳоли вакилларининг бандлиги таъминланган.

Депутатларнинг вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлардаги ўрганишлари давомида Бухоро туманидаги 3252 нафар киши истиқомат қилиб келаётган “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.
Маълумки, Олий Мажлис депутатларининг ушбу маҳалла аҳолиси билан бундан олдин ўтказган учрашувлари чоғида хонадонларни электр токи билан таъминлашда узилишлар рўй бераётганлиги, электр кучланиши жуда паст қувватда эканлиги, ток узатгич симлари эскирганлиги бўйича эътирозлар билдирилган эди.

Ушбу масала ўтган давр ичида Парламент Комиссияси йиғилишида муҳокама қилиниб, Олий мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган давлат гранти танлови якунларига кўра “Саховат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги трансформаторларни янгилаш учун 200 миллион сўм ажратишга эришилди.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси томонидан Бухоро туманидаги бошловчи тадбиркор хотин-қизлар учун икки кунлик семинар машғулотлари ўтказилмоқда. Уларда бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш, тижорат банкларидан имтиёзли кредитларни олиш, тажрибали соҳа ходимлари ҳамкорлигида иш олиб бориш бўйича тегишли билимлар ўргатилмоқда. Семинар машғулотларини кузатган Қонунчилик палатаси депутатлари Э.Аслонова ҳамда М.Баратова тингловчиларга юртимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган Президент Фармонлари, ҳукумат қарорлари, бу борадаги қонун ижодкорлиги, соҳани янада тараққий эттириш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар хусусида батафсил маълумотлар берди.
– Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида ўз фаолиятини бошлаган Ёшлар маркази келгусида йигит-қизларнинг касб-ҳунарли, келажагимизга муносиб кишилар бўлиб вояга етишишларида муҳим ўрин тутади, – дейди депутат М.Баратова.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.