Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммолар ўрганилди
17:24 / 2025-07-16

Бухоро вилоятида Адлия вазирлиги, вилоят ҳокимлиги, солиқ бошқармаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар масъуллари билан биргаликда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Адлия вазири ўринбосари М.Истамов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Асадов ҳамда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Д.Юлдашев иштирок этиб, кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот олиб борди.

Хусусан, учрашувда инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар ва экспортёр корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Таъкидлаб ўтиш лозим, вилоятда солиқ бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган мулоқотлар барча ҳудудларда ўтказилмоқда.

М.Истамов Когон шаҳридаги “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Давлат раҳбари фармони билан адлия органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.

Мазкур тадбир доирасида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олиш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилиш борасидаги амалий ишлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, вазир ўринбосари янги қурилаётган вилоят адлия бошқармаси биносининг қуриб битказилган қисмлари билан танишиб, лойиҳани бажаришнинг юқори сифат стандартлари ва муддатларига риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади. Учрашувда қурилиш ва пардозлаш ишларини сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берилди. 

Бундан ташқари, Ғиждувон туман адлия бўлими фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Мулоқот давомида ходимларнинг ўз вазифалари бўйича амалга ошириши керак бўлган ишлари юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди. Шунингдек, иш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ тавсиялар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.