Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги масъуллар Нурафшон шаҳрида аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини тинглаш ва ҳал этиш мақсадида оммавий қабул ташкил этилди.
Очиқ мулоқотларда соғлиқни сақлаш, кадастр, моддий-кўмак, уй-жой ва маиший турмуш муаммолари, таълим, коммунал хўжалик, бандлик, тадбиркорлик, кредит олиш каби кўплаб масалалар бўйича фуқаронинг 200 дан зиёд мурожаати кўриб чиқилди.
– Бизнинг мурожаатимиз ҳам ижобий ҳал этиладиган бўлди, – дейди Халқ депутатлари Бўка тумани Кенгаши депутати Усмон Жўраев. – Ҳудудимиздаги Новобод маҳалласида яшовчи бундан кўп йиллар илгари қўшни Тожикистон давлатидан кўчиб келган оиланинг фарзандларига Ўзбекистон фуқароси бўлса ҳам ижтимоий ёрдамлар ажратилмаётган эди. Оммавий қабулда шу масалани раҳбарларга айтдим. Улар тегишли тартибда бу масалани назоратга олиб, оилага ёрдам кўрсатадиган бўлди.
[gallery-15755]
Қабул давомида вилоят ҳокими ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш, тадбиркорлик, оила, хотин-қизлар, меҳнат ва бандлик каби йўналишларда мурожаатчилар билан суҳбатлашиб, қонуний тартибда ҳал қилишга кўмаклашди. Айрим фуқароларга шу ернинг ўзида зарур тавсиялар берилди.
Муҳими, бу каби очиқ ва жонли мулоқот орқали ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни жойида ҳал этиш имкони яратилмоқда. Келгусида вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби сайёр қабуллар ташкил этилади.
А.Мусаев, Д.Эрназаров, (сурат), ЎзА.