Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммолар “кабинет”да эмас, юзма-юз мулоқотларда ҳал бўлади
20:13 / 2023-08-21

Тадбиркорлик иқтисодиётимизнинг энг устувор йўналиши ҳисобланади. Соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши тобора ошяпти ва сўнгги йилларда яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи ҳам айнан шу соҳага тўғри келмоқда.

Бугун халқаро миқёсдаги зиддиятлар кучайган бир шароитда бизнес вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим ҳисобланади.  

Шу маънода Ўзбекистон Президентининг 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ушбу йўналишдаги энг муҳим ишлардан бири бўлди.

Қайд этиш лозимки, бундай шаклдаги учрашув учинчи бор ўтказилмоқда. 2021 йилдаги илк учрашувда жами 10 мингга яқин тадбиркор иштирок этиб, очиқ мулоқот олдидан бизнес вакилларини қийнаётган муаммолар бўйича 15 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган бўлса, жорий йилги мулоқот арафасида 6 мингга яқин мурожаат келиб тушди.  

Мурожаатларнинг камайгани шундай мулоқотлар натижаси, дейиш мумкин. Аввалги учрашувларда кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлиб, аксарияти жойида ҳал қилинган.  

Бу сафар 70 фоиз тадбиркор кредит ва молиявий ёрдамни кенгайтириш, бизнесни жой ва инфратузилма билан таъминлаш, солиқ тизимини соддалаштириш, текшириш ва ортиқча бюрократияни кескин қисқартириш билан боғлиқ тизимли муаммолар ечимлари билан таклиф қилинди.

Шу ўринда шундай очиқ мулоқотлар ва улардан сўнг қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар натижаси ҳисобланган яна бир маълумотни келтириб ўтиш лозим: 2016 йилда атиги 268 мингта кичик тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 471 мингтадан ошди. Ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайиб, ҳозирда қарийб 589 мингтани ташкил қилмоқда.  

Учрашувда кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун муҳим таклифлар илгари сурилгани аҳамиятли бўлди. Жумладан, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади ва банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда биттадан, жами 14 кичик бизнес марказлари ташкил этилади.  

Марказлар соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш, бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади. Яъни, тадбиркор қанча кўп даромад топишидан банк манфаатдор бўладиган тизим яратилади.  

Ушбу ташаббус бир йил ичида камида 150 мингта кичик бизнес субъектларини “оёққа турғизиш”, камида 25 мингтасини ўрта корхоналарга айлантириш, соҳада 250 минг янги доимий иш ўринларини яратиш имконини беради.

Таъкидланганидек, тадбиркорлар ҳамон солиқ тизимидан, солиқчилар фаолиятидан рози эмас. Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш ва тизимдаги коррупция ҳолатлар ҳали ҳам давом этмоқда.  

Шундан келиб чиқиб, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилиниб, солиқ маъмурчилиги соддалаштирилади.  Жумладан, тизимда коррупция билан боғлиқ шикоятларнинг ҳаддан ташқари кўпайишига сабаб бўлган “tax gap” амалиёти 1 октябрдан бекор қилинади.  

Коррупцияга йўл очиб бераётгани камерал назоратда тадбиркордан ҳужжат талаб қилиш ёки уни идорага чақириш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, тадбиркорнинг солиқ идоралари билан бўладиган барча низолари маъмурий суд ваколатига ўтказилади ва бу борадаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланади.

Президент очиқ мулоқотнинг якунида ёшларга мотивация берди: “Тадбиркорлик жуда оғир. Улар билан гаплашсангиз, экспорт қилиш, бозор топиш азоб, дейди.  Улар кўп ўз устида ишлайди. Дунёни кезиб, ўрганиб келади. Уларга таъзим қилиб, раҳмат дейман. Сиз тадбиркорларга ҳавас қилиб, ҳар куни ўз устингизда ишланг. Изланишдан, ўзингизни қийнашдан чарчаманг. Шунда Президент сизни ҳар доим қўллаб-қувватлайди”.  

Албатта, ҳам депутат, ҳам тадбиркор сифатида бундай очиқ мулоқотларни қўллаб-қувватлайман. Чунки даврнинг ўзи соҳага оид муаммо ва камчиликларни “кабинет”да эмас, юзма-юз мулоқотлар орқали ҳал қилиш фойдали эканини кўрсатмоқда.  

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, 
“Миллий тикланиш” 
партияси депутати, 
тадбиркор.

ЎзА