Бухорода Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан “Бухоро вилоятида ижтимоий муаммоларни ҳал этишга фуқаролик жамияти институтларини жалб этиш” мавзусидаги давлат гранти 1-танловида иштирок этиш масаласига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда фонд ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоятдаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, ҳоким ёрдамчилари, ННТ вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танлови, лойиҳаларни тақдим этиш ҳамда ngo.gov.uz платформаси имкониятлари ҳақида тушунтириш берилди.

– Бугунги кунда давлат раҳбари ташаббуси билан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро манфаатли ижтимоий шериклик янада ривожланмоқда. Фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони дастуриламал бўлмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловда маҳалламиздаги мавжуд муаммони бартараф этиш юзасидан аниқ манзилли мавзу эълон қилинди. Мазкур танловда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритишни мақсад қилганмиз, – дейди Бухоро шаҳридаги “Шербудин” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зубайда Баҳромова.
Семинарда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларининг фаоллигини янада ошириш, ижтимоий муаммолар ечимига қаратилган ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

ZOOM платформаси орқали ўтган ўқув-семинарида давлат гранти ва ижтимоий буюртмаларни ажратиш билан боғлиқ барча жараёнлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган ngo.gov.uz электрон платформаси имкониятлари ҳақида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди мутахассислари тушунтириш берди.
Ўқув-семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари томонидан аниқ жавоблар олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.