Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммолар бартараф этилди
08:44 / 2025-12-31

Қиш-қировли кунларда аҳолига сифатли ва узлуксиз коммунал хизматларни кўрсатиш бугунги кундаги долзарб ва устувор вазифалардан ҳисобланади.

“Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали маҳалла истеъмолчилари билан ишлаш бўлими томонидан табиий газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят бўйлаб аҳоли хонадонларида ўрнатилган электрон газ ҳисоблагичларнинг алоқага чиқмай қолган ҳолатларини бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Вилоятимиз аҳоли хонадонларида жами 230 минг 279 дона электрон газ ҳисоблагич мавжуд. Якунга етаётган 2025 йилнинг декабрь ойи ҳолатига кўра, 24 минг 442 дона ҳисоблагичда алоқа узилиши аниқланган, – дейди “Ҳудудгаз Наманган” газ таъминоти филиали директори Иброҳимжон Мамажонов. – Кўрилган тезкор чоралар натижасида, ҳисоблагичларнинг 10 минг 494 донасида алоқа муаммоси бартараф этилиб, тизимга қайта уланди. Бу борадаги ишлар жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Эътиборлиси, жараёнларда маҳалла газчиларига яратилган махсус дастур орқали юзага келаётган техник носозликлар тезкор аниқланиб, уларни бартараф этиш ишлари мунтазам назоратга олинмоқда. Бу эса ҳисоблагичлар фаолиятининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, қолаверса, истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизмат сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.