Нукусда Бизнес-омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги шўъбаси томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермер хўжалиги вакиллари билан учрашуви ўтказилди.
Таъкидлаш лозимки, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ҳамда қарорлар қабул қилинган. Ушбу соҳада фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш учун кенг имкониятлар ҳамда имтиёзлар берилиб, бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш мақсад қилинган.
Ана шундай кўзланган мақсадларга эришиш учун тадбиркорлик субъектлари билан жойларда доимий равишда учрашувлар ташкил этилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Шу билан бирга, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммолар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари билан ўтказилган навбатдаги учрашувда уларнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолар ўрганилиб, фикр ва таклифлари тингланди. Улар томонидан билдирилган таклифларга мувофиқ, соҳани ривожлантиришга қаратилган мезонларни амалиётга татбиқ қилиш чоралари белгилаб олинди.
Бизнес-омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими ташаббуси билан ташкил этилаётган бундай учрашувлар улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга, уларга янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири