Муаммога мутахассис кўмаги билан ёндашилсагина ажримлар сони камаяди
Қанийди, ҳамма ҳам соғлом муҳитдаги оила шароитида яшай олса...Афсус.
Қанийди, ҳамма ҳам соғлом муҳитдаги оила шароитида яшай олса...Афсус.
Бугун оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёлларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани, рўзғор ташвиши, бола тарбияси мисолида масъулиятсиз эканлигидан нолийди. 2019 йилда 1000га яқин аёллар маиший зўравонликдан азият чекишгани маълум... Бу рақам, афсуски, реалликда бундан-да юқори, чунки ҳамма ҳам тазйиққа учраётганини очиқ-ойдин айтолмайди. Бироқ, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимларида бундай аёллар баъзида кўнгилларини очадилар.
Фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш бўлимларида ҳар доим ҳам кўпчилик тасаввуридаги хурсандчилик, қувончли онлар кузатилмайди. Бахтга қарши фуқаролар оилавий можаролар, ота ва оналар фарзандларини кўролмаслигидан ёки оиланинг ажрим ёқасига келиб қолганлиги туфайли азият чекиб мурожаат қилиш ҳоллари ҳам мавжуд, дейди Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Дилобар Пардаева. Бундай вазиятларда мудира психолог кўмагига таянади. Аниқланишича, бугун ФҲДЁ идорасида руҳшунос учун алоҳида хона ажратилган.
Навоий шаҳар фуқаролик ҳолати далолатномалари бўлимида зўравонликдан азият чеккан аёллар учун ҳуқуқшунос ва руҳшунослар ҳамкорлигида тренинг ўтказилди. Унда иштирок этган фуқароларда руҳий азобланиш ва тушкунлик кайфиятини кузатасиз. Ҳар бир аёл тақдири бир дард. Айнан оилавий можаролар сабаб ўзини хўрланган, айримлари калтаклангани боис уларнинг психолог кўмагига эҳтиёжи бор. Асли Кармана туманидан, Бухоро вилоятига келин бўлган Феруза Умарова ҳам ана шундай аёллардан бири эди.
Боласи билан кўчада қолиб, ҳаётнинг минг бир машаққатини кўрган аёл ҳушдан кетган ҳолда шифохонага ётқизилади. Бухоролик мутасаддилари Навоий вилоятидаги зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази мутахассисларига боғланиб, кучли руҳий зўриқишдаги аёл ҳолатидан хабардор қиладилар. Маълумки, Навоий вилоятида бу марказ оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, бошпанасиз бўлган, тиббий ва руҳий кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам қўлини чўзади. Айни кунда Феруза Умарова ўхшаган 4 нафар аёл ва уч нафар ўсмир марказ шиелторида яшамоқда. Марказ директори Мўътабар Ҳасанованинг айтишича, айни кунда аёл ётоқхона ва иш билан таъминланган.
Тўғриси, елкасида ҳаётнинг минг ташвишини ортган аёлга кўп нарсанинг кераги ҳам йўқ. Фарзанди саломатлиги, оиласи тинчлиги бўлса бас. Феруза сингари зўравонликдан азият чекаётган аёллар учун эса ҳаётга қайта мослашишнинг ўзи катта бахт. Бугун шунчаки тадбирбозликдан воз кечиб, мазкур тренингдагидек ҳар бир оиланинг муаммосига мутахассиси кўмаги билан ёндашилсагина оиласидан жабрланган фуқаролар, ажримлар сони ҳам камаяди, қилинган иш самараси кўринади. Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими эса мана шундай натижадорлик билан фаолият олиб боради. Боиси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ажримлар 70 тага камайган.