Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муаммога 19 йилдан сўнг ечим топилди
14:05 / 2021-11-07

ФҲДЁ бўлимларида бир кунда минглаб фуқаролар учун далолатнома ёзувлари асосидаги расмий хужжатлар тақдим этилади. Бироқ шундай тақдирлар борки улар йиллар давомида биргина муҳим ҳужжатга эга бўла олмайди. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта.

Фарғона вилояти Қува туманининг “Гўзал” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сурайё Усмонова  19 ёшда. У  шу кунга қадар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ололмаганлиги сабаб икки йил давомида олий ўқув юртларига имтиҳон топшира олмади.  Аслида унинг бир олам орзулари ҳам, армонлари ҳам мана шу бир парча ҳужжат билан боғлиқ. Гап шундаки, унинг онаси асли қирғизистонлик бўлганлиги сабабли туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олишдаги ҳужжат ишларида муаммолар юзага келган. Кейинчалик эса кундалик юмушлар билан ишлар чала қолди.

–Сурайё қизимни 2002 йилда Қирғизистонда ишлаб юрган пайтларимда  дунёга келтирдим,  – дейди Замира Усмонова.  Қирғизистон ФҲДЁ идораларига мурожаат қилсам, Ўзбекистон  фуқароси экансиз, ўз мамлакатингиздан ҳужжат оласиз, дейишди. Бу ерга келганимда эса туғруқ Қирғизистонда бўлган, ҳужжатни у ердан олишимни айтишди. Хуллас, “метирка” олишдаги муаммоларимни  кимга ва қаерга айтишни билмадим.  

Қува тумани ФҲДЁ бўлими вакиллари маҳаллабай аҳоли муаммоларини ўрганишлари Сурайёнинг кўп йиллик армонига ечим бўлди. Натижада у нақд 19 йилдан сўнг  туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди.

Бу каби тақдирлар ФҲДЁ соҳасида  кўплаб учраб туради. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Фарғона вилоятида ўтказилаётган сайёр давлат хизматлари давомида жорий йилнинг 10 ойи давомида 19 туман ва шаҳар Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 38 мингдан ортиқ  сайёр давлат хизматлари тақдим этилди. 200 нафарга яқин фуқароларга кечиктирилган тартибда туғилганлик ҳақидаги далолатномалар расмийлаштирилиб, ФҲДЁ ишлари бўйича 1,5 мингдан ортиқ ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

М. Сулаймонов, ЎзА