Муаммо бартараф этилди
Кеча, 17 февраль куни ЎзА сайтида Бектемир тумани Зилола маҳалласидаги ариқ (лоток) ичида ўлган кучук жасади бир ҳафтадан бери олиб ташланмаётгани ҳақида танқидий хабар эълон қилинган эди.
Ушбу материал асосида Халқ назорати портали мониторинг хизмати ҳолатни ўрганиб чиқди ва уни ўз платформасида жойлаштириб, ваколатли ташкилотларга тегишли топшириқлар юборди.
Натижада мазкур мурожаат ижобий ҳал этилди. Муаммоли ҳудуд тозаланди, ўлик ҳайвон жасади санитария қоидаларига мувофиқ равишда олиб чиқиб кетилди.
Шу билан бирга, мутасадди идораларга келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ҳудуддаги санитария ҳолатини доимий назоратга олиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Мазкур ҳолат фуқаролар мурожаати ва ОАВ орқали кўтарилган муаммолар ечим топаётганини, жамоатчилик назорати амалда самара бераётганини яна бир бор кўрсатди.
ЎзА